ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

​ Бугун Трамп импичменти масаласидаги овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтади

 ​ Бугун Трамп импичменти масаласидаги овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтади
АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Сенатга президент Дональд Трампнинг импичменти борасидаги моддани юбориш бўйича овоз бериш жараёни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бу ҳақда спикер Нэнси Пелоси маълум қилган.

Маълумот ўрнида, демократлар томонидан назорат қилинадиган Вакиллар Палатаси декабрь ойидаёқ Трампга импичмент эълон қилиш борасида овоз берган эди. Президентга қарши иккита модда – ваколатини суиистеъмол қилиш ва Конгресс терговига тўсқинлик қилиш бўйича айблов қўйилган. 

Таъкидланишича, айбловлар Трампнинг ўз рақиби Жо Байденга зарар етказиш мақсадида Украина ҳукуматига босим ўтказиш билан боғлиқ. Президент бу айбловни рад қилди ва демократларнинг ҳаракатини давлат тўнтарувига уриниш, дея баҳолади.

Спикер Пелоси декабрда импичмент борасидаги моддани Сенатга топширмасликка қарор қилган эди. У аввалига Сенат импичмент эшитувлари борасида қоида ўрнатишини кутишини айтди. Спикернинг бу қадами турлича қарашларга сабаб бўлди. Республикачилар Пелосини Сенатда ўз ўйин қоидаларини киритишга уринаётганликда айблади. 

Сенатдаги кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар етакчиси Митч Макконнелл яқинда баёнот бериб, кўпчилик жараённинг ўтказилиш қоидалари борасида келишиб олганини билдирди. Эшитув давомида қўшимча гувоҳлар чақирилиши борасидаги қарор қабул қилинди. Шундан кейин Пелоси баёнот бериб, импичмент тўғрисидаги модда яқин кунларда Сенатга юборилишини маълум қилган.




2 317
ЎзА