ЎзА Ўзбек

15.03.2019 21:00 Чоп этиш версияси

“Ҳамкорларимиз хабарлари”

“Ҳамкорларимиз хабарлари”

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Исроил сингари узоқ хориждаги мамлакатлар ҳамда Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшни давлатларнинг етакчи ахборот агентликлари ва нуфузли нашрлари билан ҳамкорлик ва ахборот алмашиш юзасидан битим ва меморандумлар имзолаган.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган “Ҳамкорларимиз хабарлари” рукнида хорижий ҳамкорларимиз бизга тақдим этган турли воқеа-ҳодисалар ҳақидаги тезкор хабарлар, долзарб мавзулардаги шарҳлар, суратлар ва видеоматериаллар билан танишасиз.

* * *

20160530113530.jpg

Қозоғистон. Қозоғистонда январь-февраль ойларида нефть қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 6 фоизга ошган. Статистик маълумотларга кўра, жами 13 миллион 187 минг тонна нефть қазиб олинган. Бунга қўшимча ушбу даврда 2090,7 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган. Газ ҳолидаги табиий “зангори олов” қазиб олиш эса 1,5 фоизга камайган ва у 3866,5 миллион куб метрни ташкил этган.

* * *

Қозоғистон ва Япониянинг ядро соҳасидаги мутахассислари биринчи халқаро термоядро реактори лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда CORMIT лойиҳасининг иккинчи босқичи устида олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик яхши натижа бераётгани таъкидлаб ўтилди.

Конференция ишида “Невада-Семей” халқаро ҳаракати етакчиси, қозоғистонлик давлат ва жамоат арбоби, таниқли шоир Ўлжас Сулаймонов анжуман спикери сифатида иштирок этди.

* * *

Остонада яқинда Қозоқ драма театрининг янги биноси очилади. Театр биноси шаҳарнинг Олмаота туманидаги Байтурсинов ва Нажимеденов кўчалари ўртасида қад кўтаради.

* * *

Москвада Россиянинг замонавий тарих марказий музейида “Буюк дашт олтини” номли кўргазма очилди. Унга қўйилган экспонатлар орасида қадимги аждодларнинг кўплаб олтин тақинчоқлари, қилич, ханжар, ҳайкалчалар ва меҳнат қуроллари ўрин олган. Экспонатларнинг кўпчилиги қозоғистонлик археолог-олим Абдеш Толеубаев томонидан топилган. Кўргазма марказида жангчининг “олтин ҳайкали” намойиш этилмоқда. Унинг кийим ва аслаҳалари олтин билан безатилган.

Олтин отнинг устида ўтирган олтин одам томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.

“Казинформ” халқаро
ахборот агентлиги

* * *

logo_khovar_ru.png

Тожикистон. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Халқаро валюта жамғармаси делегацияси раҳбари Падамжу Хандевал хонимни қабул қилди. Учрашув чоғида “Кредит киритишнинг кенг механизми” доирасида Тожикистон Республикаси ҳукумати билан жамғарма ўртасида икки томонлама молиявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

* * *

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали билан Тожикистон пойтахтида бунёд этилаётган йирик объектлар, шаҳарни ободонлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Наврўзга тайёргарлик ишларининг бориши билан танишди. Тожикистон раҳбари замонавий услубда қурилаётган мактаблар, тиббиёт муассасалари, маиший хизмат кўрсатиш марказларини кўздан кечирар экан, мамлакат пойтахти тобора кўркамлашиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Эмомали Раҳмон марказий жума масжиди ва Тожикистон ислом институти олдида дарахт кўчати ўтқазишда иштирок этди.

* * *

Тожикистон оммавий ахборот воситалари академияси ва Тожикистон журналистлар уюшмаси ўтказган сўровлар натижасига кўра “Ховар” Тожикистон Миллий ахборот агентлиги “Йил ахборот агентлиги” деб топилди. Бу Душанбедаги Абулқосим Лоҳути номидаги Тожикистон давлат академик драма театрида ўтган тантанали тадбирда эълон қилинди. Танловда, шунингдек, “Йил телеканали”, “Йил радиоканали”, “Йил газетаси”, “Йил журнали”, ”Мулоқотга энг маъқул бўлган матбуот маркази” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

“Ховар” Тожикистон
Миллий ахборот агентлиги

* * *

3epg2Ifd_400x400.jpg

Қирғизистон. Қирғизистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича музокараларни тезлаштирмоқда. Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари билан ўтказган кенгашда бу ҳақда тўхталиб ўтди.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбековнинг маълум қилишича, темир йўл ўзаро келишилган ва асосан тасдиқдан ҳам ўтган. Давлат раҳбари Туркманистон-Қирғизистон-Хитой газ қувури қурилишини тезлаштириш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

“Кабар” Қирғизистон
Миллий ахборот агентлиги

* * *

Снимок.PNG

Туркманистон. Туркманистондаги “Аваза” миллий туристик зонаси Каспий денгизи қирғоғида жойлашган. Бу ерда бўлган сайёҳ оромгоҳ табиати, иқлими, об-ҳавоси билан жаҳоннинг машҳур сайёҳлмик зоналаридан фарқ қилмаслигига гувоҳ бўлади. Бу ерда беш юлдузли “Сердар” меҳмонхонаси қад кўтарган.

Ушбу ҳудудда янада ҳашаматли, жаҳон сайёҳлик талабларига жавоб берадиган, барча қулайликларга эга янги меҳмонхона қурилиши бошланди. Янги меҳмонхона денгиз қирғоғида эртаклардаги қаср мисол савлат тўкиб туради. Меҳмонхонанинг денгизга қараган ойналаридан Каспий денгизи тўлқинлари кўринса, қарши томонда кўм-кўк палма ва игнабаргли дарахтлар, инглиз ўтлоқлари каби манзарани кўриш мумкин бўлади. Отель қошида яхт-клуб ишлайди. Замонавий катерларда меҳмонлар денгизга чиқиб сайр қилиш имкониятларига эга бўладилар.

Туркманистон давлат
ахборот агентлиги

* * *

1920px-People's_Daily_logo.svg.png

Бу хабар эса Хитойнинг “Жэньминь жибао” газетасидан олинди.

Шэньси провинциясидаги Сиань шаҳрининг темир йўл вокзали ҳудудида қурувчилар барча рельсларни ўрнидан қўпориб, бир кечада янгисига алмаштиришга муваффақ бўлди. Минг киши 20 га яқин техника ёрдамида меҳнат қилиб бу ишнинг уддасидан чиққан. Эртаси куни эрталаб поездлар вокзалдан яна ўз манзилларига қатнай бошлаган.

Вокзални қайта қуриш хитойликлар ойга қараб нишонлайдиган ва ҳар йили байрам қилинадиган февраль ойининг биринчи якшанбасига бажарилиши керак эди. Сабаби, ҳар бир хитойлик бу кунни ўз уйида, ота-онаси, бола-чақаларининг олдига бориб кутиши одат тусига кирган. Шундай қилиб, минг кишидан иборат темир йўл қурувчилари юз минглаб ватандошларининг дуоларини олишга муваффақ бўлди.

Ирисмат Абдухолиқов тайёрлади, ЎзА
4 912