ЎзА Ўзбек

19.05.2020 Чоп этиш версияси

«Ҳали олдинда»: COVID-19 пандемиясининг янги ўчоғи пайдо бўлади!

«Ҳали олдинда»: COVID-19 пандемиясининг янги ўчоғи пайдо бўлади!

Лотин Америкасида коронавирус билан боғлиқ рақамлар ташвишли тус олиб бораётгани ушбу ҳудуд пандемиянинг навбатдаги марказига айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирли тахминларни кучайтирмоқда.

Бразилиядаги «Чегарасиз шифокорлар» бўлинмаси раҳбари Ана де Лемос охирги ҳафталарда Лотин Америкаси мамлакатларида рекорд даражада касалланиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилганини қайғу билан маълум қилган.

ОАВда эълон қилинган мақолаларда ёзилишича, айрим шаҳарларда юзага келган вазият худди АҚШ ва Европада коронавирус ривожланиши чўққига чиққан пайтларни эслатиб юборяпти.

«Перу пойтахти Лимада шу кунларда одатий статистикага нисбатан икки марта кўп инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда. Бу кўрсаткичларни Парижда рўй берган энг қайғули воқеалар билан тенглаштириш мумкин», — деб ёзган «Der Spiegel» нашри.

Бразилиянинг Манаус шаҳрида 2 миллион киши яшайди, бу ерда ўлим ҳолати уч баравар ошиб кетди. Бундай натижа эпидемиологик вазият жуда оғирлашган Лондон ва Мадридга ҳам хос эди. Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида муайян давр оралиғида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан беш марта кўп қазо ҳолатлари рўйхатга олинди. Ушбу ҳудудга иккинчи Нью-Йоркка айланиш хавфи тобора кучлироқ таҳдид қилмоқда.

Қайд этилишича, Бразилияда аллақачон коронавирусдан вафот этганларни оммавий дафн этишга киришилган — марҳумлар жойланган тобутлар қабрга устма-уст қўйилмоқда. Ташвишланарлиси, мамлакатда «COVID-19»га тестлар етарли даражада ўтказилмаяпти.

Сан-Паулу шаҳри касалхоналаридан бирида ишлайдиган шифокорнинг тахминича, Бразилия тез орада ҳалок бўлганлар сони бўйича 100 минглик чегарага яқинлашади, яъни «ҳали ҳаммаси олдинда». Бундай ташвишли фаразлар давлат томонидан етарли даражада қатъий карантин чоралари жорий этилмагани, Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг вирусга нисбатан жиддий қарамай, «COVID-19»ни «кичик грипп» деб атагани туфайли юзага чиқмоқда.

Кўплаб штатлар губернаторлари, гарчи Болсонаруни танқид қилган бўлсалар-да, ўзлари ҳам ҳудудларида тўлиқ карантин тартибини ўрнатмадилар. Фавқулодда вазиятлар фақат айрим шаҳарларда амал қилди. Бошқача айтганда, бу борада қарор чиқариш мэрлар ихтиёрига бериб қўйилди. Болсонару ҳалиям жорий этилган чекловларни юмшатиш лозимлигини уқтирмоқда, сабаби иқтисодий зарар унга коронавирусга нисбатан кучлироқ хавфдек туюляпти.

Мексика, гарчи инфекция аниқланган фуқаролар ва хасталикдан жон берган инсонлар сонига кўра Лотин Америкасида 3-ўринга кўтарилиб олган бўлса-да, аввал амалга киритилган чекловларни бекор қила бошлади. Бинобарин, вирусологлар Мехикода эпидемия ҳали ўзининг юқори нуқтасига етмаганини эътироф этишяпти.

Перуда ҳам кескин карантин чоралари қўлланганига қарамасдан, касаллик борган сари авжига чиқяпти. Масалан, Лорето минтақасида коронавирусдан ҳар соатда бир одам ҳалок бўляпти.

Европа ва АҚШдан фарқли ўлароқ, Лотин Америкаси мамлакатларида инқирозга қарши туриш имконияти жуда кам. Иқтисодий эврилиш йиллари минтақанинг кўпчилик давлатларида соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш миқдори сезиларли даражада тушиб кетган. Натижада жаҳон бозорида шахсий ҳимоя воситаларини харид қилиш бўйича кучли, бой мамлакатлар билан тенгсиз рақобатга киришишга тўғри келмоқда.

Маълумот ўрнида: Лотин Америкасида кейинги бир ой мобайнида кишиларнинг вирус юқтиргани аниқланган ҳолатлар 7 карра ошган ва 542 693 тага етган. Коронавирус инфекцияси туфайли берилган қурбонлар сони эса 8,5 марта ошиб, 30 396 тани ташкил этмоқда. Хасталанган ва ҳалок бўлганларнинг қарийб ярми Бразилия ҳиссасига тўри келади – мос равишда 254 220 ва 16 792. Бу борада кейинги ўринни Перу (94 933 ва 2789) эгаллаб турибди, Мексика 3-ўринга кўтарилди - 51 633 ва 5332 киши.

13 162
ЎзА