ЎзА Ўзбек

22.02.2019 21:35:07 Чоп этиш версияси

Зиёрат туризми ва сайёҳлик салоҳиятининг янги истиқболлари


Кейинги йилларда ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестицион жозибадорликни яхшилашга ёрдам берувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бухоро шаҳрида ўтказилган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми ана шу чора-тадбирларнинг узвий давоми бўлди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ҳамда БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти кўмагида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Халқаро анжуман иштирокчилари ўтирган Тошкент – Бухоро йўналишидаги “Афросиёб” поезди 21 февраль куни Бухоро темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди. Меҳмонлар орасида ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик корхоналари, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар мутасаддилари, дин уламолари, шунингдек, жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакати вакиллари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари бор.

30.jpg

Бухоро – ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламолар камол топган табаррук замин. Абу Ҳафс Кабир, Имом Бухорий, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа алломалар номи бутун мусулмон оламига машҳур. Шўролар даврида улар қолдирган бой меросга беписандлик билан қаралди. Фақат мустақиллик йилларида тарихий адолат қарор топди. Улуғ аждодларимизга эҳтиром кўрсатилди, қадамжолари обод қилинди. Жумладан, етти пир мангу қўним топган манзиллар обод этилиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Форум иштирокчилари ана шундай пирлар силсиласида алоҳида мавқега эга Баҳоуддин Нақшбанд номи билан боғлиқ Қасри Орифон қишлоғида жойлашган тарихий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ерда Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар мажмуа билан танишдилар. Уларга бунёдкорлик ва эзгулик билан йўғрилган Нақшбандия тариқати ҳақида кенг маълумот берилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мажмуа ҳудудида Мир Араб олий мадрасаси фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ёшлар диний ва дунёвий билимларни ўрганиш билан бирга, тасаввуф илмидан сабоқ олишади.

28.jpg

Форум иштирокчилари буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг устози Абу Ҳафс Кабир мақбарасини ҳам зиёрат қилдилар. Бу ерда алломанинг ислом маданиятига қўшган улкан ҳиссаси ёдга олинди.

– Ўзбекистон ота юртим, – дейди Туркиянинг Кўнё шаҳар муфтийси Аҳмед Поччан ўғли. – Аждодларим бухоролик. Демак, Бухоро менинг ўзлигим, томиримда қони оқаётган аждодларимнинг юрагига боғланган шаҳар. Шунинг учун ўзимни худди уйимдаги каби ҳис қилаяпман. Бу юрт қанчадан-қанча алломаларга бешик бўлгани бежиз эмас. Бухорода илоҳий қудрат бор. Аждодлар хотирасига катта эҳтиром кўрсатилаётгани, бу ердаги ободончилик мени ҳайратга солди. Бизда Бухорони Макка ва Мадинадан кейинги муқаддас шаҳар, деб билишади. Бу заминни ҳар қанча зиёрат қилса кам. Бундай тадбирлардан кейин Туркиядан бу ерга келувчилар сони жуда ошади, деб ўйлайман.

Меҳмонлар, шунингдек, Масжиди Калон, Мир Араб ислом ўрта махсус билим юрти, Лаби-ҳовуз мажмуаси ва Бухоронинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

39.jpg

Бухоро шаҳар Ёшлар марказида мамлакатимиз ва хорижлик журналистлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Зиёрат туризми форумининг мақсади, аҳамияти, тадбир дастури ҳақида атрофлича маълумот берилди.

22 февраль куни Ёшлар марказида I халқаро “Зиёрат туризми” форуми тантанали очилди.

Юртимизнинг кўҳна меъморий ва тарихий обидалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, кейинги йилларда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли хорижий сайёҳлар сафи тобора кенгаймоқда. Хусусан, 45 давлат фуқаролари учун юртимизда 30 кунгача визасиз бўлиши, 76 давлат фуқаролари учун енгиллаштирилган тартибда электрон виза олиши, 101 мамлакат фуқаролари учинчи давлатга боришда Ўзбекистонга 5 кунгача визасиз кириши каби қатор имтиёзлар жорий этилгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу каби қулайликлар ўз самарасини бераётир. Масалан, Бухоро вилоятига 2018 йилда 2,5 миллион, жумладан, 300 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ келгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Истиқболда Бухорога сайёҳлар оқими кескин ошишини ҳисобга олиб, жорий йилда 50 га яқин меҳмонхона, 20 дан ортиқ ресторан, бир қатор истироҳат боғлари, сайлгоҳлар қурилмоқда. Бу борада Германия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларнинг салоҳиятли инвесторлари билан ҳамкорлик натижасида яқин орада бир кунда 10 мингдан кўп сайёҳни қабул қилиш имконияти мавжуд инфраструктура объектлари барпо этилади.

Бундан ташқари, сайёҳлар учун экотуризм, гастрономик туризм, агротуризм, спорт туризми каби янги йўналишлар ўзлаштирилиб, анъанавий маданий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказилади.

Ўтган йилдан бошлаб умумий овқатланиш шохобчалари ва ресторанларда “Ҳалол” стандартини амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, ISO 22000 ва “Ҳалол” озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма“ Oʻz DSt 3286:2018 давлат стандарти расман жорий этилди.

Анжуманда Миср ижтимоий мувофиқлик, оила ва ногиронлар палатаси раиси Абдулҳади ал-Қасабий, Туркиянинг диний ишлар бўйича қўмита раиси Осман Тирашчи, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри марказий масжиди имоми Саид Бухорий ва бошқалар сўзга чиқди.

36.jpg

Анжуман доирасидаги йиғилишда мамлакатимиз зиёрат туризми салоҳиятини ошириш ва хорижий тажрибага асосланиб, янги туризм маҳсулотларини шакллантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. “Ислом динининг ёйилишида ўзбекистонлик олим-уламоларнинг ўрни”, “Мусулмон сайёҳлар учун халқаро рейтинг ва унинг мамлакат рейтингини оширишдаги аҳамияти”, “Туризмнинг маданий меросга таъсири” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Шунингдек, форум доирасида туризм соҳасидаги хорижий компаниялар ҳамда давлат тадбиркорлик субъектлари ўртасида давра суҳбатлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита ва форумнинг бошқа қатнашчилари иштирокида “Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида”ги Бухоро декларациясини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Форумда, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Миллий PR – марказ” ДУК ҳамда “MATTA” (Малайзия), “Crescent Rating” (Сингапур) уюшмалари, Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ўртасида “Global Muslim Traveler Index” доирасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Анжуман доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда каллиграфия, миниатюра, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги ва бошқа йўналишлар бўйича мини-кўргазма ташкил этилди. Унда намойиш этилган маҳсулот ва санъат намуналари хорижликларда катта таассурот қолдирди.

Бухоро алломалари – етти пир ҳақида ҳикоя қилувчи саҳналаштирилган композицион асар намойиш қилинди.

Форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.