ЎзА Ўзбек

26.06.2020 Чоп этиш версияси

Жиззахда сайёҳлик йўналишлари, имкониятлар қайта очилади...

Жиззахда сайёҳлик йўналишлари, имкониятлар қайта очилади...
Мамлакатимиз марказий қисмида жойлашган, республикамиз шаҳарларини ва қўшни давлатларни боғловчи автомобиль ҳамда темир йўл бўйида жойлашган Жиззах вилоятида туризмни ривожлантириш имкониятлари катта. 

Вилоятда давлат муҳофазасига олинган 372 та маданий мерос объектлари тарихий-археологик манзил, шу жумладан, 42 та тарихий обида ва зиёратгоҳ, 267 та археологик ёдгорлик, 63 таси монументал ёдгорлик мавжуд. “Нурота” ва “Зомин” давлат қўриқхоналари, “Зомин” халқ боғи, Айдар-Арнасой кўллар тизими, 9 та ўрмон хўжалиги ва Қизилқум чўли экотуризм ишқибозлари учун қизиқарли манзиллар ҳисобланади. Ҳудудда 200 дан зиёд экотуристик объектлар, 50 дан зиёд ноёб ҳайвон ва қуш турлари, 1 мингдан зиёд ўсимлик турлари борлиги ҳам сайёҳларни қизиқтирмасдан қолмайди. 

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан туризимни ривожлагнтиришга берилаётган катта эътибор туфайли сайёҳларни жойлаштириш воситалари, яъни меҳмонхоналар, мехмон уйлари ва бошқа туристик объектлар барпо этишга катта эътибор қаратиб келинаётир. 

photo_2020-06-25_21-02-36.jpg

2018 йилда вилоятда 2 минг 200 ўринга эга 46 та жойлаштириш воситаси фаолият кўрсатган бўлса, 2019 йил якунида уларнинг сони 91 тага етди. Айни пайтда вилоятда бир вақтнинг ўзида 2 минг 500 дан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган 33 та меҳмонхона 45 та меҳмон уйлари 13 та сихатгоҳ, 2 та кемпинг ва ўтов оромгох мавжуд. Шунингдек, 5 нафар туроператорлик субъектлари, 4 та туризм ахборот марказлари ташкил этилган.

Мавжуд меҳмонхона ва туристик иншоотларда 476 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йил якунига қадар 11 минг 734 нафар меҳмонга хизмат кўрсатилди. Бу олдинги йилга нисбатан деярли 6 минг нафарга кўпдир. 

Бироқ, бу кўрсаткич бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди. Вилоятнинг туристик имкониятидан тўлиқ фойдаланилмоқда, деб бўлмайди.

Президентимизнинг 2020 йил 19 июндаги “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Жиззах вилоятининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича қатор тадбирлар белгиланган. Бу нафақат ҳудуд туризимини, балки иқтисодиётимизни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.

Қарорда Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Aйдар-Aрнасой кўллар тизими ҳудудида туристик зонани яратиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, янги “Ором қирғоғи” (“Leisure Coast”) туристик зонасида сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, Aйдар-Aрнасой кўллар тизимига йўловчиларни ташиш учун темир йўлларни ётқизиш қийматининг дастлабки ҳисоб-китобларини қилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш шубҳасиз вилоятнинг сайёҳлик жазибадорлигини янада оширади. 

photo_2020-06-25_21-02-40.jpg

Вилоятдаги истиқболли туристик масканлардан бўлган Айдар-Арнасой кўллари тизимига инвестиция жалб этиш бўйича ҳозир фаол иш олиб боряпмиз. Бу йўналишдаги бир қатор таклиф лойиҳаларимиз хорижий инвесторлар томонидан ўрганиб чиқиш учун қабул ҳам қилинди. 

Россия Федерациясининг “Империя” компанияси раҳбари Саидкамол Муҳиддиновга Айдар-Арнасой кўллар тизимининг Фориш тумани ҳудудидаги туризм соҳасига оид лойиҳалар тақдим этилди. Хорижий инвестор лойиҳалар билан танишиб, Фориш тумани “Одилбек олтин балиқ” экотуристик комплекс лойиҳасига қизиқиш билдирди. 

Айдар-Арнасой кўллари экотуристик йўналишига хорижлик инвесторларни жалб этиш бўйича ишларни давом этаётир. Президентимиз қарорида ушбу экотуристик масканни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар амалга оширилиши ҳудуд иқтисодиётида муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Давлатимиз раҳбарининг маскур қарорида ҳудудимизнинг яна бир муҳим сайёҳлик йўналишига – Зомин туманида амалга ошириладиган ишларга алоҳида эътибор қаратилган. Қарорда белгилаб берилган Зомин туманида умуммавсумий, қишки ва ёзги дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб амалга оширилиши ҳудуддаги имкониятларни янада кенгроқ ишга солишга хизмат қилади. 

Қарорда ушбу сайёҳлик ҳудудининг алоҳида қайд этилиши бежиз эмас. Туманнинг хушманзара, хушҳаво табиати – бебаҳо бойликдир. Аммо бу бойликдан ҳозиргача имконият даражасида фойдаланмаётганимиз ҳам маълум. Жумладан, Зоминда дам олиш мавсумининг ўта қисқалиги асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётир.

Шунинг учун Президентимиз қарорида айнан шу масалага – ҳудудда умуммавсумий, қишки ва ёзги дам олиш масканларини ташкил этишга эътибор қаратилиб, имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш йўллари белгилаб берилгани туризмни ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди. Бу вазифа бизнинг зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклади.

Шунингдек, қарорда белгилаб берилган солиқ имтиёзлари ва енгилликлари, соҳанинг бошқарув тизимига киритилган янгиликлар, янги лавозим штатлари жорий этилиши сайёҳлик соҳасини ривожлантириш имкоятларини янада кенгайтиради. 

Пандемия даврида энг кўп зарар кўрган соҳа сайёҳлик хизмати бўлди. Дунё бўйлаб борди-келдиларнинг карантин туфайли тўхтаб қолиши, эҳтиёт чоралари ҳали ҳамон давом эттирилаётгани бизни ҳаётнинг бу синовларини изланувчанлик, ишбилармонлик, айни пайтда огоҳлик ва эҳтиёткорликни унутмаган ҳолда ишларимизни қайтадан йўлга қўйишни тақоза этаётир. Президентимизнинг мазкур қарори ҳам айнан шу талаблар асосида ишларимизни қайта йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. 

Лола САНАЕВА, 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 
Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.​


19 993
Жамшид Ёрбеков(фото), ЎзА