ЎзА Ўзбек

16.05.2019 11:31 Чоп этиш версияси

Жиззахда меҳмон уйлари сони кескин ошади? Нега?

Жиззахда меҳмон уйлари сони кескин ошади? Нега?

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан маълум қилишича, Жиззах вилоятига ҳар йили ўртача 6 мингга яқин хорижий ва 800 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ келмоқда. Айни вақтда эса уларга вилоятдаги 22та меҳмонхона, 7та хостел ва 10та оилавий меҳмон уй хизмат кўрсатаяпти.

Жиззах вилояти туристик салоҳияти юқори вилоятлардан бири сифатида туризмнинг ноанънавий турлари – экотуризм, агротуризм, тиббиёт туризми ривожланаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Шу боис келгусида юртимизга, жумладан мазкур вилоятга ҳам келувчи меҳмонлар оқими янада ортишини ҳисобга олиб, жойларда туристлар учун шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.

photo5397638959305173440.jpg

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, вилоятда меҳмонларни жойлаштириш воситалари, яъни меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари туристларни тўлиқ қамраб олиш имкониятига эга эмас. Шу ҳисобдан туризмни ривожлантириш орқали аҳолининг моддий шароитини, турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор юмушларни бажариш куннинг муҳим талабига айланмоқда.

Ана шу эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида сайёҳларни кўпроқ қизиқтираётган Арнасой, Бахмал, Мирзачўл, Ғаллаорол, Зомин, Ш.Рашидов ҳамда Фориш туманларида жойлаштириш воситаларига бўлган талабни тўлақонли қондириш мақсадида аҳоли орасида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.

photo5397875831046515195.jpg

Хонадонма-хонадон юрилиб, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш тартиби, имтиёзлари бўйича тушунтиришлар натижасида туризм салоҳияти юқори бўлган туманларда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш истагини билдирган 60дан ортиқ ташаббускор аниқланди. Айни вақтда уларнинг рўйхати “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратилиши учун мутасадди ташкилотларга юборилди. Уларни мониторинг қилиш механизми жорий қилинмоқда.

ЎзА
3 019