ЎзА Ўзбек

13.03.2018 13:02 Чоп этиш версияси

Жиззахда экоагротуризм тажрибадан ўтказилади

Жиззахда экоагротуризм тажрибадан ўтказилади
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Барқарор ривожлантириш ШРТ” масъулияти чекланган жамиятида Микробиология институти билан ҳамкорликда экоагротуризмни ривожлантириш мақсадида 40 гектар майдонда тажриба участкаси яратилмоқда. 

Тажриба участкасида мамлакатимиз ва хорижда яратилган янги навларни маҳаллий шароитга мослаштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилади.

9 (1).JPG

Бу ҳақда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институти олимлари иштирокида деҳқончиликда энергия ва ресурс тежамкор янги биотехнологияларни жорий этишга бағишланган семинарда айтилди.

– Лабораториямизда тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида самарали технологиялар яратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институти тупроқ микробиологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Гулнора Жуманиёзова. – Жумладан, илмий жамоамиз томонидан яратилган “Fosstim-1”, “Fosstim-3” бактериал ўғитлар, комплекс таъсир кўрсатадиган “Rizokom-1” ва “Rizokom-2” биопрепарати, “Biokom” биокомпости ва “Serhosil” биопрепаратлари мамлакатимиз аграр соҳасида кенг қўлланилмоқда.

10 (1).JPG

– Хўжалигимиз ерлари ўрта ва кучли шўрланган майдонга киради. Шу боис ҳосилдорлигимиз пахтадан 19-20, ғалладан 25-30 центнердан ошмайди, – дейди “Мустанг Максимус” фермер хўжалиги раҳбари Б.Мусабеков. – Олимлар яратган ушбу биопрепаратларни жорий йил деҳқончилигимизда синаб кўрмоқчимиз.

11 (1).JPG

– Келгуси йилда 4 гектар майдонда иссиқхона барпо этишни режалаштирганмиз, – дейди “Барқарор ривожлантириш ШРТ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Олим Усмонқулов. – 2020 йилга қадар аквапарк, дам олиш кемпинглари, болалар майдончаси, конференциялар зали, қишлоқ хўжалиги техникалари сотиш майдончаси қурилиши режалаштирилган.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
12 750