ЎзА Ўзбек

22.02.2019 19:55:47 Чоп этиш версияси

Жесим Челеби 2017 йилда Бухорога келганда уни нима ҳайратлантирганди?


Айни вақтда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини оширишга ва хорижий тажрибага асосланиб янги туризм маҳсулотларини шакллантириш мавзусида мулоқотлар давом этмоқда.

Унда маъруза қилаётганлар орасида Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг маданий ва таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челебининг мулоҳазалари эътиборимизни тортди.

У минг йиллик тарихий маданият ва санъат маркази бўлган Бухорога келганидан бахтиёрлигини маълум қилиб, шу ўринда бошидан ўтган бир воқеани айтиб берди.

"2017 йилда Бухорода Ипак ва зираворлар фестивалида қатнашган эдим. Бир дўкондан бир неча марта маҳсулот сотиб олдим. Шунда дўкончи “Сиз биздан бир неча марта харид қилдингиз, энди ёнимиздаги дўкондан ҳам нимадир харид қилинг", деди. Бундай ажойиб хулқ ва атрофдагилар ҳақида қайғуриш фақат ўзбекларга хос одат деган фикрдаман".

Ҳозирда дунё миқёсида туризм орқали маблағ топишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Мисол учун, 2018 йилда сайёҳлик ортидан дунё давлатлари бир триллиондан ортиқ даромад кўрди. Лекин туризм ривожланишининг битта хавфли жиҳати ҳам мавжуд. Хусусан, у катта даромад келтириш билан бирга, доимий ривожланишни талаб этади.

Агарда бу тизим назоратсиз, эътиборсиз ҳолда ривожланса, жиддий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Хусусан, кундалик ҳаётда сайёҳлар билан мулоқотни ортиши маҳаллий аҳолининг ажнабий маданият таъсирга тушиб қолишига хизмат қилиши мумкин. Айниқса, четдан келганларга маҳсулотларни баланд нархларда сотиш ислом тижорат қоидаларига зиддир. Бу эса келаётганларнинг нархларга бўлган ишончини ва давлатга ҳурматини йўқотади. Юқорида келтирган воқеам мисолида сизларда туризм тартиб ва эътибор билан ривожланаётганини кўриш, англаш мумкин.

Хорижлик меҳмоннинг юртимиз ва халқимизга чуқур ҳурмат билан билдирган сўзларидан англаш мумкинки, кўплаб инсонлар қидирган меҳр-оқибатни айнан Ўзбекистонда кўргани ифтихор уйғотади.