ЎзА Ўзбек

31.10.2012 17:43 Чоп этиш версияси

Жаҳон сайёҳлик салоҳияти намойиши

“Ўзэкспомарказ”да 31 октябрь куни “Ипак йўлидаги туризм” ўн саккизинчи Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, мутахассислар, олим ва экспертлар ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Анжуманда “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Ф.Ризаев Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳлик соҳасини, жумладан, ички туризмни изчил ривожлантириш, мамлакатимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини янада кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида таъкидлади. Сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон ўзининг қадимий обидалари, муқаддас зиёратгоҳлари, хушманзара табиати, бетакрор қадриятлари ва анъаналари билан жаҳон сайёҳларини ўзига тобора кўпроқ жалб этмоқда.

Сайёҳлик дунёдаги кўплаб давлатларда даромад олишнинг асосий тармоқларидан биридир. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир дунёда туризм саноатида 195 миллиондан зиёд киши хизмат қилади ва ушбу соҳанинг дунё бўйича йиллик пул айланмаси 900 миллиард АҚШ долларидан ошади. Жаҳон сайёҳлик саноатида халқаро туризмдан тушаётган даромад автомобиль, нефть ва газ ишлаб чиқариш саноатидан кейин учинчи ўринда туради.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Мамлакатимиздаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини изчил мустаҳкамлаб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол киритишга хизмат қилади.

Мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш мақсадида янги-янги замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари барпо этилмоқда, сервис хизмати тубдан яхшиланаётир. Янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилаётгани, мавжуд транспорт коммуникациялари таъмирланиб, янгилари барпо этилаётгани соҳанинг янада тараққий этишига ҳамда юртимизга келаётган сайёҳлар сафининг тобора кенгайишига хизмат қилмоқда.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, 2011 йилда мамлакатимизда бир миллиондан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатилган. Бу 2010 йилга нисбатан 5,4 фоиз кўпдир. 2011 йилда сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажми 8,3 фоиз ошган. Соҳада иш юритаётган хўжалик субъектлари сони ҳам мунтазам ортиб бормоқда. 2011 йилда 124 сайёҳлик корхонаси ва 55 меҳмонхона ишга туширилган. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу соҳада 865 сайёҳлик ташкилоти – 506 сайёҳлик оператори ва 359 меҳмонхона фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда сайёҳликнинг экотуризм, экстремал, маърифий, маданий ва жисмоний саёҳат каби турлари ҳам изчил ривожланмоқда. Сайёҳлар орасида альпинистлар, чанғи спортига қизиқувчилар кўпаймоқда. Ички туризмни ривожлантириш, ҳудудларда тарихий-археологик боғлар барпо этиш, янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, қишлоқ жойларда туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, автомагистрал йўллар, сайёҳлик объектлари атрофида меҳмонларга замонавий сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этишда хусусий сектор фаоллик кўрсатмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм йўналишидаги касб-ҳунар коллежлари, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сайёҳлик факультети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис ҳамда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтларида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Соҳада хорижлик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилаётир. Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда кенг намойиш қилиш ва шу йўл билан сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида “Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан маркетинг лойиҳалари – мега-инфо-турлар ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Буюк Британия, Венгрия, Италия, Испания, Нидерландия, Россия, Сингапур, Франция, Хитой, Япония каби кўплаб мамлакатларнинг икки юздан зиёд сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, мега-инфо-турлар лойиҳаси Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонини 2012 йил якуни бўйича ўртача 15 фоизга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон билан Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги алоқалар изчил тараққий этмоқда. 2011 йилнинг октябрь ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Жанубий Кореяда бўлиб ўтган 19-сессиясида Ўзбекистон 2011-2015 йиллар давомида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши аъзолигига сайланган. Мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорлик мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини муттасил юксалтиришда, бу соҳада бошқа давлатлар билан муносабатларни кенгайтириш ҳамда Буюк ипак йўли маданий меросини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистонда ушбу ташкилот билан ҳамкорликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Анъанавий “Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси шулар жумласидандир.

“Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан кенг таништириш ва хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ички туризмни янада ривожлантиришдан иборат.

Ярмаркада иштирок этаётган сайёҳлик фирма ва компаниялари сони йил сайин ошиб бормоқда. 2011 йилда анжуманда ўнлаб мамлакатлардан беш юздан зиёд сайёҳлик ташкилоти қатнашган бўлса, бу йил Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия, Испания, Россия, Таиланд, Франция, Хитой, Чехия, Словения, Швейцария, Вьетнам, Туркия, Туркманистон ва Ҳиндистон каби ўнлаб мамлакатлардан етти юздан ортиқ фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.

– Компаниямиз Тошкент халқаро туризм ярмаркасида илк марта иштирок этмоқда, – дейди Таиланднинг “Grand Orchid Travel” компанияси бош менежери Сурасак Котпромсри. – Бугунги кунда Таиланд сайёҳликни ривожлантириш борасида катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг дурдонаси саналади. Шу боис ҳам Таиландда бой тарихга эга бу заминга ташриф буюришни истаган кишилар кўп.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда сайёҳлик бозорининг барча тузилмалари – туроператорлар, турагентлар, йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, авиаташувчилар, глобал буюртма тизимлари, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари, соҳага оид замонавий технологиялар таклиф этилмоқда. Ярмаркада бизнес, экологик, спорт ва маърифий саёҳат, экскурсия, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соҳага доир кўчмас мулк ва суғурта, соғломлаштириш каби йўналишларга оид бўлимлар иш олиб бормоқда.

Ярмаркадан ўрин олган “Ўзбекистон миллий павильони”да мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ўнлаб сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда.

– Бугунги ярмаркада Сурхондарё вилоятида жойлашган “Силк Роад”, “Шарқ”, “Меридиан”, “Улуғбек” каби олтита меҳмонхона иштирокчиларга ўз хизматларини таклиф қилмоқда, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Сурхондарё вилоятидаги саёҳат ва экскурсия бюроси раҳбари Зафар Намозов. – Сурхондарё вилоятида тўққиз юздан зиёд тарихий обидалар мавжуд. Вилоятимизга келаётган сайёҳлар сони йил сайин ортмоқда.

Хорижнинг нуфузли халқаро сайёҳлик фирмалари, миллий сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат ва тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари, фотоэкспозициялар, экотуризм ва спорт туризми, авиатранспорт, меҳмонхона, суғурта ва банк хизматлари, миллий ва ҳудудий сайёҳлик ташкилотлари, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумот ва адабиётлар билан танишиш имкониятига эга.

Ярмарка доирасида ташкил этилган “Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори” экспозицияларида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари ҳамда саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева ва сабзавотлар билан танишиш, миллий пазандалигимиз ҳақида маълумотга эга бўлиш имконияти яратилган. Анжуман қатнашчилари “Ҳунармандлар шаҳри” бўлимида намойишга қўйилган маҳоратли усталар томонидан нозик дид билан ишланган миллий ҳунармандлик буюмларини томоша қилиб, эсдалик сифатида сотиб олиш имконига эга.

Ўзбекистонлик ва хорижлик санъаткорлар томонидан тақдим этилаётган концерт дастурлари, ўзбек миллий либослари намойиши ҳам меҳмонларда катта таассурот уйғотмоқда.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида аъло даражадаги сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд каби йўналишларда танлов бўлиб ўтади.

– Ўзбекистонга бундан ўттиз йил муқаддам келган эдим, – дейди Хитойнинг Хайнань провинциясидаги "Кокос ороли" сайёҳлик фирмаси бош директори Лиу Шенг Хонг. – Тошкентни таниёлмай қолдим. Ўзбекистон сайёҳлик соҳасида катта салоҳиятга эга мамлакат сифатида дунёга танилмоқда. Меҳмонхоналар кўпайиб, туризм инфратузилмаси изчил ривожланмоқда, сервис хизмати халқаро андозаларга тўла мос.

Уч кун давом этадиган ярмарка доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида чет эллик ҳамкорлар ва мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланиши режалаштирилган.


ЎзА, Мадина Умарова, Аъло Абдуллаев (сурат)
16 902