ЎзА Ўзбек

15.02.2013 19:20 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги нуфузи тобора ошмоқда

Ўзбекистон ўзининг тарихий обидалари, бетакрор маданияти, анъана ва қадриятлари, гўзал табиати билан турли мамлакатлардан ташриф буюраётган сайёҳларни тобора кенгроқ мафтун этмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирлари улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

– Ўзбекистонда бундан ўн бир йил аввал ҳам меҳмон бўлган эдим. Бу галги сафарим чоғида пойтахтингизни сайр қилар эканман, унинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини кўриб лол қолдим, – дейди франциялик Вивант Гарро. – Жорий йилнинг Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистонда Обод турмуш йили, деб эълон қилингани ҳам мамлакатингизда амалга оширилаётган улкан ва хайрли ишлардан яна бир далолатдир. Умуман, мамлакатингизда ҳар бир йилни муаяйн ном билан атаб, бу соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ишларга ҳавас қилса арзийди. Давлатингиз раҳбари юритаётган бундай оқилона сиёсат ўзининг юксак самараларини бераётганини юртингизнинг бугунги қиёфаси, одамларингизнинг ҳаёти мисолида яққол кўриш мумкин.

– Тарихчиман. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида хизмат сафари юзасидан бўламан, – дейди сингапурлик Али Бин Исо. – Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Ташрифимнинг илк кунидаёқ Тошкентнинг гўзал, обод ва замонавий шаҳар эканлигига гувоҳ бўлдим. Бу ердаги кенг ва озода кўчалар, ширинсухан инсонлар кўнглимдан чуқур жой олди. Замонавий ва барча қулайликларга эга бозор ва савдо марказлари ривожланган давлатларникидан асло қолишмайди. Бундай янгиланишлар бунёдкор халқингизнинг юксак салоҳиятининг намоёнидир.

Сингапурда Ўзбекистон маданияти, тарихи ва бугунги куни билан танишишга қизиқиш катта. Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётгани, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон – сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга мамлакат. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларингиз, неча асрлардан буён ўз жилосини йўқотмай келаётган меъморий обидаларингиз, меҳмоннавоз халқингизнинг таърифи тилларда достон, – деб таъкидлайди италиялик Аристофан Губерти. – Мамлакатингизда истиқлол йилларида халқаро ва ички туризмни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини юксалтиришга қаратилаётган улкан эътибор диққатга сазовор. Ўзбекистонда куннинг қайси маҳали бўлишидан қатъи назар одамларнинг хотиржам сайр қилиб юрганини кўриш жуда қувонарлидир. Ҳамма мамлакатда ҳам одамлар ўзини бундай эркин ва хотиржам ҳис қилмайди. Шу боис сайёҳлар Ўзбекистонга келишни хуш кўради.

Қиш фасли бўлишига қарамасдан, юртингизда баҳор нафаси ҳукмрон. Баҳорда мамлакатингизда Наврўз байрами катта тантана билан нишонланади. Ўтган йилги ташрифим чоғида ушбу айёмга бағишланган байрам тадбирларида қатнашиш шарафига муяссар бўлган эдим. Бу сафар ҳам ана шундай имкониятга эга бўлаётганимдан мамнунман.

– Мексикадаги сайёҳлик компаниясида гид лавозимида ишлайман. Хизмат билан халқаро сайёҳлик ярмаркаларида мунтазам иштирок этаман, – дейди мексикалик Хени Торрес. – Ўзбекистонда бир неча марта меҳмон бўлганман. Мамлакатингизда сайёҳларни ўзига жалб этувчи омиллар кўп. Ноёб тарихий ёдгорликлар, муқаддас зиёратгоҳлар, хушманзара табиат ва файзли гўшалар шулар жумласидандир. Шу боис Ўзбекистоннинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги нуфузи тобора ошмоқда. Нафақат пойтахт Тошкентда, балки мамлакатингизнинг барча ҳудудларида сайёҳлик жадал ривожланаётгани, сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун қулайликлар яратилаётгани диққатга сазовор.


ЎзА, Мадина Умарова, Ирода Умарова
10 035