ЎзА Ўзбек

11.03.2019 16:54 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Германиянинг “TUI Group” компанияси тарғиб қилади

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Германиянинг “TUI Group” компанияси тарғиб қилади

“ITB Berlin 2019” доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларидан иборат делегация аъзолари Германиянинг “TUI Group” компанияси билан учрашувлар ўтказди. Унда туризм соҳасидаги асосий тенденциялар ва янгиликлар ҳақида фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида германиялик ҳамкорлар мамлакатимизда жорий этилаётган визасиз тартибни ижобий баҳолаган.

Без названия (1).jpg

“TUI Group” компанияси асосий фаолият тури соҳил бўйида ва денгизда сайёҳлик турларини ташкил этишга йўналтирилган бўлиб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатларини “Gebeco GmbH & Co. KG” шўъба корхонаси орқали давом эттиришни маълум қилди.

Учрашувда мамлакатимиз делегацияси юртимизнинг туристик салоҳиятини компания ахборот ресурсларида кенг тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни таклиф этди ва бу Германия компанияси вакиллари томондан ижобий қабул қилинди.

Без названия.jpg

Шундан сўнг ушбу йўналишдаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Унга кўра, Германия компанияси мамлакатимиз туризм имкониятлари ҳақида фото, видео ва матнли маълумотларни ўз интернет нашрларида чоп этиш ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти ҳақида тегишли мутасаддиларнинг интервьюларини эълон қилиб боришни маълум қилди.

Маълумот ўрнида, “TUI Group” 1 минг 600 та сайёҳлик агентлиги, 380 дан ортиқ меҳмонхона, 150 та самолётга эга 6 та авиакомпания, 16 круиз кемаси, кўплаб чакана савдо дўконлари ҳамда уларда банд 70 мингдан зиёд ходимларни ўз ичига олган сайёҳлик компаниясидир. Компаниянинг 2018 йилги молиявий ҳолати 19,5 миллиард еврони ташкил этган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси
билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
2 219