ЎзА Ўзбек

01.11.2012 19:24 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юксалмоқда

“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлидаги туризм” ўн саккизинчи Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда.

Анжуманнинг иккинчи куни “Минтақавий туризм: бугунги аҳвол, муаммолар ва истиқболлар” мавзуида халқаро форум бўлиб ўтди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ва Республика илмий-ўқув консалтинг маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, юртимиз ва хорижий сайёҳлик фирма ва компаниялари, халқаро ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олим ва мутахассислар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Борий Алихонов, Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг лойиҳалар бўйича менежери Дмитрий Ильин ва бошқалар Ўзбекистонда туризм, хусусан, экологик сайёҳликни изчил ривожлантириш, шу мақсадда экотизим барқарорлигини таъминлаш, табиатдан фойдаланишнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, атроф-муҳитга инсон омилининг салбий таъсирини камайтириш, чиқиндиларни зарарсизлантириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда экотуризм бутун дунёда энг сердаромад соҳалардан бирига айланган. Аҳоли даромади ва бандлигини ошириш, мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришдаги муҳим омиллардан бўлган сайёҳликнинг мазкур йўналишини янада ривожлантириш ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал қилиш баробарида экологик муаммоларни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон бой табиий ресурслар, бетакрор ўсимлик ва ҳайвонот оламига эга. Ушбу салоҳиятни асраш ва кўпайтириш мақсадида кўплаб миллий дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2008-2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистонда экологик туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан маълум қилишларича, Бухоро вилоятидаги “Жайрон” экомарказида, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Жиззах вилояти Зомин туманидаги табиий ҳудудларда экотуризм хизмати кўрсатиш инфратузилмалари яратилган. Масалан, Жиззах вилояти Зомин туманида туризмнинг ушбу йўналишига дахлдор барча омилларни учратиш мумкин. Ажойиб табиат, флора ва фаунага эга Зоминнинг экологик сайёҳлик соҳасидаги салоҳияти жуда юқори. Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган мазкур тоғли ҳудуд бетакрор табиати, нинабаргли ўрмонлари, тоза, яшартирувчи ва шифобахш ҳавоси, минг дардга шифо ўсимликлари билан машҳур. Туманда туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлувчи барча шарт-шароитларга ва кенг имкониятларга эга кўплаб дам олиш – соғломлаштириш масканлари фаолият кўрсатмоқда. Зомин туманидаги сиҳатгоҳларда бронхиал астманинг барча турлари, полиноз, возомотор ринит, сурункали бронхит, теридаги тошмали дерматит, асаб тизими касалликлари, умумий невроз, невростения каби касалликлар билан оғриган беморлар шифо топиши мумкин.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида экотуризмни ривожлантириш мақсадида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Оролбўйидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларига доимий эътибор қаратилаётгани мазкур минтақада экологик сайёҳликнинг ривожланишига хизмат қилаётир. Оролбўйининг биологик захираларини асраш ва кўпайтириш, табиий ҳудудларни асл ҳолича сақлаш ва экологик туризмни ривожлантириш – минтақада экологик мувозанатни таъминлашнинг асосий йўналишларидандир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузурида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бундай ҳудудларни кенгайтириш ва экологик мувозанатни сақлашда муҳим омил бўлмоқда.

– 1998 йилдан буён фаолият юритаётган компаниямиз Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида жойлашган, – дейди “Ayazkala Tour” сайёҳлик компанияси директори Дилбар Каримбердиева. – Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини, хусусан, экотуризмни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида юртимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Қорақалпоғистонда ҳам сайёҳликнинг кўплаб йўналишлари изчил ривожланиб бормоқда. Қорақалпоғистон сайёҳлик ресурсларига бой. Бу ердаги қадимий қалъалар бетакрорлиги ва ноёблиги билан дунё аҳлини мафтун этмоқда.

Форумда юртимизнинг экосайёҳлик салоҳияти тобора юксалиб бораётгани, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий масалалар янада такомиллаштирилаётгани таъкидланди.

– Сайёҳларга хизмат қилиш билан шуғулланувчи компаниямиз уч йўналиш бўйича Ҳиндистонга саёҳат уюштиради, – дейди Ҳиндистоннинг “Travelite India” компанияси бош менежери Убаид Ур-Раҳмон. – Мазкур анъанавий сайёҳлик кўргазмасида учинчи бор иштирок этяпмиз. Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори сайёҳлик ҳам жадал тараққий этаётир. Мамлакатингизда сайёҳликнинг экотуризм, экстремал, маърифий, маданий ва жисмоний саёҳат каби турлари, шунингдек, тиббиёт туризми ҳам изчил ривожланаётганининг гувоҳи бўлдик.

Ўзбекистонда халқаро сайёҳликни ривожлантириш билан бир қаторда ички туризмни ҳам тараққий эттириш бўйича ҳудудий дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт коммуникациялари таъмирланиб, янгилари барпо этилаётгани соҳанинг янада ривожланиши, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда сайёҳлар оқимининг кўпайишида муҳим омил бўлмоқда.

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ички туризм ҳам изчил ривожланмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Муталиб Содиқов. – Турли вилоятлардан Андижонга саёҳатга келувчилар сони кўпайиб, вилоятимиз аҳолисининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз каби қадимий шаҳарларимизга саёҳати уюштирилмоқда. Мазкур кўргазмада вилоятимизнинг ўндан зиёд ҳунармандлари яратган турли хилдаги халқ амалий санъати маҳсулотларини намойиш этяпмиз. Ярмарка доирасида кўплаб маҳаллий ва хорижий фирма ва компаниялар билан шартномалар тузишга муваффақ бўлдик.

Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантиришга оид қабул қилинган ҳужжатлар, дастур ва лойиҳалар асосида дам олувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани тарихий жойларни зиёрат қилишга, турли ҳудудларимиздаги бетакрор табиат манзараларидан баҳраманд бўлишга қизиқувчилар сафининг кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Чехияда тиббиёт туризми яхши ривожланган, – дейди Чехиянинг “Astra” сайёҳлик агентлиги оператори Хелена Юнгманова. – Агентлигимиз Чехиянинг соғломлаштириш марказларига сайёҳларни юбориш билан шуғулланади. Хушманзара табиатга эга Ўзбекистонда ҳам сайёҳликнинг бу тури анча тараққий этган. Ўзбекистон бундай нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилаётгани мамлакатингизда сайёҳликни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибордан далолатдир. Кўҳна тарих, бетакрор маданият ва гўзал анъаналарга эга Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида катта нуфузга эга. Мазкур ярмарка нафақат Ўзбекистон, балки жаҳонда ҳам сайёҳликни янада тараққий эттиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

“Ипак йўлидаги туризм” ўн саккизинчи Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Хоразм, Қашқадарё, Наманган, Бухоро, Андижон, Навоий каби вилоятларнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтди.


ЎзА, Ирода Умарова, Нодира Манзурова, Аъло Адуллаев(сурат)
15 358