ЎзА Ўзбек

20.10.2012 13:35 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Италияда намойиш этилмоқда

Италиянинг Римини шаҳрида “TTG Incontri” халқаро сайёҳлик кўргазмаси давом этмоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда кенг тарғиб этиш, унинг барча замонавий турларини ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини янада такомиллаштириш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказиладиган халқаро сайёҳлик ярмаркаларининг фаол иштирокчисидир. “Ўзбектуризм” миллий компанияси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга танитишда дунёнинг ўнлаб мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан “TTG Incontri” халқаро сайёҳлик кўргазмаси Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиш учун яна бир қулай имкониятдир.

1977 йилдан буён ўтказиб келинаётган “TTG Incontri” халқаро сайёҳлик миқёсидаги нуфузли кўргазмалардан ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ўтган йилги кўргазмада юз мамлакатдан икки ярим мингга яқин компания иштирок этган. Бу галги кўргазмада бир юз ўттиз мамлакатдан минглаб сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этаётир. Анжуманда спорт туризми, меҳмонхона ва ресторан сервиси, хизмат кўрсатиш, транспорт ва коммуникациялар, сайёҳлик операторлари, соғломлаштириш каби йўналишларга оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди. 

Кўргазмада Ўзбекистон делегацияси миллий стенд билан иштирок этмоқда. У ўзининг бетакрорлиги билан барча иштирокчилар ва меҳмонлар эътиборини тортмоқда. Ўзбекистоннинг қадимий ва замонавий шаҳарлари, диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, турли буклет ва нашрлар сайёҳлик кўргазмаси иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, мазкур халқаро сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Afsona Travel”, “Orient Voyage”, “Megatour”, “Asiatour” сингари компания ва фирмалари иштирок этмоқда. “TTG Incontri” Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантириш, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги сўнгги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишишга хизмат қилади.


ЎзА
9 395