ЎзА Ўзбек

23.09.2018 16:31 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонга саёҳат қилиш қулайми? Ечимини кутаётган муаммолар бор...

Ўзбекистонга саёҳат қилиш қулайми? Ечимини кутаётган муаммолар бор...
Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти юқори эканлигини ва ундан етарлича фойдаланилмаётганини кўпгина экспертлар эътироф этади. Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлардан сўрасангиз, ҳашаматли безаклар, ўзига хос шарқона бозорларимиз, уларда буюмларни нархини тушириш имконияти, сомса, кабоб, ош каби ажойиб кўча таомлари, совғага олинадиган атлас-у адрас, шойи матоларимиз, ёғоч ўймакорлик маҳсулотлари, ўзбекона меҳмондўстлигу илтифотни алоҳида санаб ўтишади. Муаммолар хусусида сўраганингизда эса аввало йўлларда жой номлари ва йўл кўрсатиш белгиларининг камлиги, ёлғиз саёҳат қилувчилар учун транспорт ва ҳаракатланишдаги қийинчиликлар санитар гигиеник шароит, аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳожатхоналар масаласини қайд этишади. Айни масала хусусида тўхталадиган бўлсак, санитар гигиеник шароитни яхшилаш мақсадида 2018 йилнинг феврал ойида биринчи маротаба тадбиркорларга мақсадли солиқ имтиёзлари берилди ва асосий шартлардан бири сифатида дунё стандартларига тўғри келадиган санитар гигиеник узелларни ташкил этиш сўралди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг қайд этишича, бошида бу имтиёзлардан тадбиркорлар фаолроқ фойдаланиши кутилган.

Эслатиб ўтадиган бўлсак, Ўзбекистон республикаси президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қуйидаги суммалар учун солиқ солинадиган базани камайтириш тартиби тасдиқланганди:

100 миллион сўмгача – хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари;

12 миллион сўмгача – ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини сақлашга йўналтирилган харажатлари.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг хулосаси асосида замонавий санитария-гигиена тармоқларини яратиш лойиҳаларини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари ва потенциал инвесторларга шаҳарлар ва туманларнинг тегишли қисмларида реклама ва ихчам савдо нуқталари учун жойлар тақдим этилиши белгиланган эди.

Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдим этилган материалда қайд этилишича, бизнес вакиллари бу имтиёзлардан кўп ҳам фойдаланишмаяпти. Имтиёзлар жорий этилгандан буён давлат-хусусий шерикчилик асосида стандартларга жавоб берадиган 147 та ҳожатхона қурилган. Бир вақтнинг ўзида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан санитар –гигиеник тармоқлар фаолиятни яхшилаш бўйича бошқа чоралар ҳам кўрилмоқда.

Жумладан, 14 та ҳудудда маҳаллий бошқарув органлари томонидан сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойлар, овқатланиш шаҳобчалари ва одамлар кўп тўпланадиган масканлар (вокзал, бозорлар) ва йўллар ёқасидаги тармоқлар инвертаризациядан ўтказилган. Умумий ҳисобда 3660 та санитар-гигиеник тармоқ ҳолати ўрганилди ва ҳозирда уларни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, август ойида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Туризм тармоғини қўллаб қувватлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё ва Жиззах вилоятида талабларга жавоб берадиган 9 та ҳожатхона қурилди.

Яна бир янгилик Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “UzFinder” иловаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ёрдамида яқин орадаги санитар-гигиеник тармоқларни топиш мумкин бўлади. Бу мобиль илова октябрь ойида ишга туширилади. Янги қурилган объектлар тўғрисидаги маъълумотлар эса мунтазам киритилиб борилади.

Маълумот учун, жорий йил 8 ой мобайнида Ўзбекистонга 3,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган, бу рақам 2017 йилда 1,5 млн. кишини (+226%) ташкил этган эди. Жорий йил охирига қадар юртимизга келувчи сайёҳлар сони 4, 8 миллионга етиши кутилмоқда. Туристик хизматлар экспорти эса $666,9 млн.га етган бўлиб, бу рақам 2017 йилдагига ($327,3 млн.) қараганда икки баробардан ҳам кўпроққа ортган.

Демак, хорижда олиб борилаётган тарғибот ишлари самараси ўлароқ юртимизга келувчи сайёҳлар сони жадал суратларда ортмоқда. Хўш инфратузилма бунга тайёрми? Саволлар албатта кўп. Биз тақдим этаётган туристик маҳсулотнинг талабларга жавоб бериши эса бир қанча элементларга боғлиқ бўлади. Бундан бир йил аввал аэропортдаги муаммолар ҳақида гапираётган сайёҳ, бугун "Яшил йўлак" орқали осонгина ўтиш имкониятини эътироф этмоқда. Демак муаммони аниқ йўналтирилган ечим орқали ҳал этса бўлади. Санитар-гигиеник тармоқлар ҳам, бугун “уятли мавзу“ эмас, балки инфратузилманинг асосий қисмларидан биридир. Шундай экан, мутасаддилар томонидан айни масалага эътибор қаратилаётгани кишини қувонтиради.Бироқ рақамлар ҳали қилинадиган ишларнинг кўплигидан дарак бермоқда.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
7 650