ЎзА Ўзбек

17.11.2018 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 19820 нафарга етди

Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 19820 нафарга етди

15 ноябр ҳолатига кўра Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хориж фуқаролари сони 19820 нафарга етди. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг телеграм каналида маълум қилинди.

Ҳисобот жадвали таҳлили шуни кўрсатадики, ўтган 4 ой ичида дунёнинг 49 давлатидан бўлган фуқаролар Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган, улардан 19518 нафарига электрон визалар тақдим этилган. 22 кишининг мурожаати рад этилган. 280 та ариза эса кўриб чиқилмоқда.

Энг кўп Хитой фуқаролари E-VISA олиш учун мурожаат этган бўлиб, уларнинг сони 5601 нафарни ташкил этади. Шунингдек, Ҳиндистон (2023 нафар) АҚШ (1867 нафар), Буюк Британия (1528 нафар) ва Франция (1018) фуқаролари бу рўйхатда кўпчиликни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 июлдаги “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан эндиликда юртимизга кириш визаларини расмийлаштириш хорижий мамлакат фуқаролари учун янада соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда.

2018 йил 15 июлдан бошлаб E-VISA бериш жараёни бошланди ва хорижий фуқаролар юртимизга кириш визасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик идораларига мажбурий мурожаат этишлари бекор қилинди. Бундан ташқари, хорижий фуқаронинг кириш визасини олиш учун мурожаатини кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилди. Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади.

7 941
Н. Тошпўлатова, ЎзА