ЎзА Ўзбек

30.09.2014 19:01 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги бунёдкорлик ва тараққиёт туризм ривожига хизмат қилмоқда

Самарқанд шаҳрида 1-3 октябрь кунлари БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтади.

Ушбу халқаро форумда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Греция, Миср, Туркия, Исроил, Индонезия, Сингапур, Таиланд каби ўнлаб мамлакатлардан мутахассислар, халқаро туризм ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этади.

ЎзА мухбирлари форум қатнашчиларининг айримлари билан суҳбатлашди.

Золтан Шомоги, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори:

– БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг бу галги сессияси Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки бу шаҳар Буюк ипак йўлининг марказида жойлашгани, азалдан илм-фан, маданият ривожига беқиёс ҳисса қўшгани билан маълум ва машҳур. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида туризмнинг ривожланишида Самарқанднинг ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда. Ташкилотимизга аъзо мамлакатлар вакилларининг бу ерда бўлиб, унинг туристик салоҳияти билан танишиши, тажриба алмашиши соҳа ривожига хизмат қилади. Мен тўрт йил олдин Самарқандда бўлганман. Бугун келиб шаҳарда янада катта ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, Афросиёб тезюрар поезди қатновининг йўлга қўйилиши юртингизда туризмни ривожлантиришда янги қадам бўлганлиги шубҳасиз.

Сагар Аҳлувалиа, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти аъзоси, Тинч океани минтақаси ёзувчилари саёҳати уюшмаси бош котиби (Ҳиндистон):

– Ўзбекистоннинг қадимий обидалари, чиройли табиати, замонавий шаҳарлари бутун дунё сайёҳларини ўзига чорламоқда. Мамлакатингизда халқаро туризм жадал ривожланаётгани бунинг тасдиғидир.

Бу ерда асрлар давомида бунёд этилган қадимий ёдгорликлар жуда кўп. Ўзбекистонда бу маданий меросни – тарихий обидаларни асраб-авайлаш, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларни улуғлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор.

Юртингизга келиб, халқингизнинг бунёдкорлик анъаналари бугунги кунда янада ривож топаётганига гувоҳ бўлдим. Тошкентнинг ривожланиб кетгани, шаҳардаги муҳташам бинолар, кенг ва равон йўллар, осойишта ва сўлим масканлар мамлакатингиз тараққиётидан, одамларнинг юксак ҳаёт даражасидан дарак беради.

Деҳли шаҳрида «Бухоро» ресторани бор. Унга кирган ҳар бир мижоз ўзбек миллий таомларининг лаззатига, халқингизнинг меҳмондўстлик маданиятига қойил қолади. Бу жиҳатлар Ўзбекистонда туризм соҳасининг узвий қисми бўлган ресторан бизнесини ривожлантириш учун яхши имконият яратади.

Муҳаммад Маҳмуд, Савдо, саноат, ҳунармандлик ва сайёҳлик вазирлиги департаменти директори (Мавритания):

– Дунёнинг кўп жойларида бўлганман. Лекин Ўзбекистондек мафтункор юртни, ўзбек халқидек бағрикенг, хушмуомала ва меҳр-оқибатли халқни учратмаганман.

Ўзбекистонда чет эл сармоясини жалб этиш бўйича барча шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар яратилгани хорижда кенг эътироф этилади. Бунинг тасдиғини мамлакатингизнинг халқаро алоқалари тобора кенгайиб бораётганида, тараққий топган етакчи давлатлар билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилаётганида кўриш мумкин. Шу боис мамлакатингиз билан сайёҳлик, савдо ва саноат соҳаларида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ва ривожлантириш ниятидамиз.

Тошкентдаги музей ва тасвирий санъат галереялари менда катта таассурот қолдирди. Бозорлар тўкин-сочин, хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган. Бу мамлакатингизда сайёҳликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Ғолиб Ҳасанов, Нодира Манзурова, Ирода Умарова, ЎзА
10 562