ЎзА Ўзбек

11.06.2013 16:37 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишлари ҳавас уйғотади

Мамлакатимизнинг тарихий ёдгорликлари ва замонавий иншоотларини томоша қилиш, халқимизнинг бой маданияти ва анъаналари билан танишиш, хушманзара табиатимиздан баҳра олиш мақсадида юртимизга келаётган сайёҳлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири ана шундай сайёҳларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

– Сафарим давомида Ўзбекистоннинг қадимий ва навқирон шаҳарларида, жумладан, Шаҳрисабзда бўлиш, унинг тарихий обидалари билан танишиш имкониятига эга бўлдим, – дейди франциялик Рожер Биттенкорт. –Шаҳрисабз – Амир Темур улғайган шаҳар. Бу сўлим маскандаги Оқсарой ёдгорлиги, Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари дунёнинг барча ҳудудларидан келган сайёҳларни ҳайратга солиши шубҳасиз. Шаҳардаги замонавий меҳмонхоналар, улардаги юқори даражали сервис хизмати менга манзур бўлди. Шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган бу бинолар замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари уйғунлигида барпо этилгани билан эътиборимни тортди. Саёҳатим давомида ўзбекона никоҳ тўйида иштирок этдим. Бетакрор урф-одатларга бой бу гўзал кеча хотирамда бир умр сақланиб қолади.

– Шарқ гавҳари бўлмиш Самарқандни, унинг бебаҳо меъморий обидаларини кўриш имконига эга бўлганимдан қувончим чексиз, – дейди Жанубий кореялик Донг-Сун Чхве. – Регистон мажмуаси, меҳмондўст ва очиқкўнгил одамлар қалбимдан чуқур жой олди. Самарқанднинг гўзал табиати, боғу роғлари, серфайз хиёбон ва сайлгоҳларини томоша қилиб, ҳузурландим. Ўзбекистонни бежиз эртакмонанд диёр, деб аташмас экан. Буюк ўтмиш ва бой маданий меросга эга Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига ишончим комил.

– Мамлакатингизга ўн бир йил аввал келган эдим, – дейди грециялик Никодемо Кондуриоти. – Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилган ва оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг кўлами ва самаралари ҳар қандай одамда ҳавас уйғотади. Айниқса, Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгариб, жаҳоннинг энг замонавий, гўзал шаҳарларидан бирига айланибди. Сафарим давомида бошқа қадимий шаҳарларингизда ҳам бўлиш имконига эга бўлдим. Хусусан, Бухорога сафарим кутилганидан ҳам аъло бўлди. Бу қадимий шаҳардаги обидалар шу қадар мустаҳкам қурилган эканки, орадан неча юз йиллар ўтса-да, қўр тўкиб турибди. Бу Ўзбекистонда миллий меъморчилик азалдан юксак даражада тараққий этганидан далолат беради.

– Ўзбекистонда санъат, жумладан, мусиқа санъатини ривожлантиришга, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бетакрор миллий мусиқа санъатини чуқур ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга ҳавас қилса арзийди, – дейди германиялик Альбертина Бирманн хоним. – Бунга мен ўз ижодий гуруҳим билан 2009 йилда Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш асносида амин бўлган эдим. Мамлакатингизда бундай фестивалларнинг анъанавий ташкил этилаётгани халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа оҳанглари орқали одамлар қалбида эзгу туйғуларни уйғотиш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.


ЎзА, Ирода Умарова
10 468