ЎзА Ўзбек

14.03.2013 18:23 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда ҳақиқий баҳор тафтини сездик

Мамлакатимизда Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш учун қизғин тараддуд кўрилмоқда. Шу кунларда янада кўркам тус олган пойтахтимиз кўчаларида турли мамлакатлардан келган кўплаб сайёҳларни учратиш мумкин. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири улардан айримлари билан суҳбатда бўлди.

– Ўзбекистонга илгари ҳам келганман, бу сафар уни таниёлмай қолдим, – дейди латвиялик Иварс Озолс. – Беқиёс ўзгаришлар нафақат шаҳар-қишлоқлар қиёфасида, балки аҳоли фаровонлиги ошиб, барча соҳалар изчил ривожланаётганида ҳам яққол кўзга ташланади. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришнинг янги тармоқларини ўзлаштириш борасида улкан ютуқлар қўлга киритилаётгани бугун бутун дунё жамоатчилигига маълум. Бу Ўзбекистонда изчиллик билан, узоқни кўзлаб олиб борилаётган иқтисодий сиёсат нақадар тўғрилигининг амалдаги тасдиғидир.

– Баҳор фасли бошланганига қарамай, айни кунларда Европада, хусусан, Германияда ҳамон совуқ ҳукмронлик қилмоқда, – дейди германиялик Ландеберт Браун. – Тўхтамай ёғаётган қор авиақатновларни амалга оширишга ҳам тўсқинлик қилмоқда. Ўзбекистонга келиб, ҳақиқий баҳор тафтини сездим. Илиқ нур таратаётган қуёш, майин шабада киши қалбига кўтаринкилик ва завқ улашади. Ўзбекистон бежиз серқуёш юрт, деб аталмас экан.

Ўзбекистонда Наврўз байрами катта тантана билан нишонланишидан хабарим бор. Шу боис сафарим давомида ушбу ажойиб байрамга бағишланган тадбирларда иштирок этишни ният қилдим. Сумалак қандай тайёрланишини томоша қилиш ҳамда бу тансиқ таомни татиб кўриш ниятидаман.

– Мен бастакорман. Аммо турли тарихий ашёларни ўрганишга қизиқишим баланд, – дейди Испаниядан ташриф буюрган сайёҳ Даниэль Навас. – Тарихи узоқ асрларга бориб тақалувчи мамлакатингизда бундай буюмларни кўплаб учратиш мумкин. Ўзбекистонда бошқа ҳеч ерда учрамайдиган ноёб осори-атиқаларни кўриб, лол қолдим. Юртингизда эътиборимни тортган яна бир жиҳат – мамлакатингиз ёшларининг кексаларга ҳурмат ва эҳтиромидир. Жамоат транспортида, кўчада ёшлар қўлини кўксига қўйган ҳолда кексаларга салом беришини, уларга жой бераётганини кўриб, жуда қувондим. Бу каби гўзал анъаналарингиздан бутун дунё ўрнак олса арзийди.

– Тошкент дунё сайёҳлари учун энг қулай ва мақбул шаҳарлардан бирига айланган. Бу ерда музейлар ва галереялар, замонавий меҳмонхоналар, юқори сифатли хизмат кўрсатувчи ресторан ва қаҳвахоналар ҳамда бошқа кўплаб дам олиш масканлари бор, – дейди хитойлик Чжимин Сунь. – Ўзбекистонда тез-тез меҳмон бўлиб турганим боис, бир неча бор Наврўз байрами шодиёналарида иштирок этиш имконига эга бўлганман. Айниқса, сумалак сайлига бориш менга катта қувонч бағишлайди. Бу каби тадбирлар одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатни, ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлаши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.


ЎзА, Ирода Умарова
10 334