Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2018 17:34 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Бангкокда намойиш этилди

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Бангкокда намойиш этилди
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган “Thai International Travel Fair” халқаро туризм кўргазмасида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди.

Ушбу кўргазма кўлами ва иштирокчилар сони бўйича дунёдаги йирик халқаро сайёҳлик анжуманларидан бири ҳисобланади. Бу йил унга 1200 дан зиёд илғор фирма ва компаниялар вакиллари, 400 мингдан ортиқ одам ташриф буюрди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро кўргазманинг мақсади дунёда сайёҳлик саноатини ривожлантириш, туристларни ички ва ташқи сайёҳликнинг янги йўналишлари билан яқиндан таништиришдан иборат.

Сайёҳлик саноатининг кўплаб йўналишларини ўзида мужассам этган анжуманда авиакомпаниялар томонидан таклиф этилаётган хизматлар, сайёҳлик компаниялари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризмда янги тармоқларни ишга тушириш каби истиқболли лойиҳалар намойиш этилди.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясидан маълум қилишларича, “TITF – 18” кўргазма мажмуасида ўтказилган анжуманда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамда юртимиздаги қатор сайёҳлик компаниялари ўз хизматларини намойиш этди. Ярмарка иштирокчилари мамлакатимизда туризм соҳасида яратилган имкониятлар, таклиф этилаётган хизматлар, Ўзбекистон ва жаҳон бўйлаб авиақатновлар кўлами фаолиятига оид кўплаб маълумотлар билан танишди.

Халқаро анжуманда мамлакатимизнинг сайёҳлик брендини оммалаштириш, Ўзбекистоннинг туристик хизматларини жаҳон бозорларига чиқариш мақсадида “Ўзбекистон ҳақида нималарни биласиз?” деган ном билан ўтказилган танлов қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Танловнинг икки нафар фаол иштирокчиси Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имконини берадиган Бангкок – Ўзбекистон – Бангкок йўналиши бўйича парвоз чипталарини қўлга киритди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
4 643