ЎзА Ўзбек

31.01.2013 16:09 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг Испаниядаги намойиши

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хорижлик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда кенг намойиш қилиш мақсадида халқаро туристик ярмаркаларда миллий стендлар билан иштирок этиш борасидаги ишлар тобора фаоллашмоқда.

Мадрид шаҳрида давом этаётган “FITUR – 2013” халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистоннинг миллий стенди кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Унда Ватанимиз табиатининг гўзал манзаралари, бетакрор тарихий обидаларимиз, ёрқин миллий матоларимиздан кенг фойдаланилган. Ўзбек миллий таомлари ва ширинликлари ҳам ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мазкур сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “El Mundo Tour”, “Garant Travel”, “Central Asia Travel”, “Iberiasia Tour”, “Diplomatic VIP Travel Servise”, “Asian Tour”, “Zeraflex Tour”, “Sarbon Tour”, “Orient Voyages”, “Silk Voyage” каби сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этмоқда. “FITUR – 2013” халқаро сайёҳлик ярмаркаси учун махсус чоп этилган Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган “Ўзбекистонга хуш келибсиз” альбоми ҳам ярмарка иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган.

Ўзбекистон делегацияси Мадридда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, “Ўзбектуризм” миллий компанияси вакиллари БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи билан учрашди. Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, кўплаб анжуман ва семинарлар ўтказиб келинаётгани, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, “FITUR” – энг йирик халқаро ярмаркалардан бири. Бу галги ярмаркада 167 мамлакатдан ўн мингдан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг ушбу йирик халқаро ярмаркадаги иштироки туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш ва бу борада ўзаро фикр алмашиш имконини беради.


ЎзА, Мадина Умарова
8 227