ЎзА Ўзбек

02.10.2012 19:23 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиши

Жорий йилнинг сентябрь ойида Франциянинг Париж шаҳрида “IFTM Top Resa –2012” ҳамда Япониянинг Токио шаҳрида “JATA Tourism Forum & Travel Showcase – 2012” халқаро сайёҳлик кўргазмалари бўлиб ўтди. Мазкур кўргазмаларда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти кенг намойиш этилди.

Ўзбекистон сайёҳлик ва тарихий жойлар сони бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Мамлакатимизда сайёҳларнинг қизиқиш ва талабларига жавоб берадиган шарт-шароит мавжуд, соҳа йўналишлари тобора кенгаймоқда. Жумладан, мамлакатимизда сайёҳликнинг тарихий-меъморий, сафари, спорт, рафтинг, экотуризм, археологик, фольклор-этнографик, агротуризм, соғломлаштириш, маданий ва маърифий каби турлари изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг кўплаб мамлакатларида сайёҳлик соҳасида ўтказиладиган қатор нуфузли халқаро кўргазма, ярмарка ва фестивалларнинг фаол иштирокчисидир. “Ўзбектуризм” миллий компанияси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга танитишда дунёнинг кўплаб давлатларидаги компаниялар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Франция ва Японияда ўтказилган сайёҳлик кўргазмалари Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги салоҳиятини тўла намойиш этиш учун қулай имконият бўлди.

“IFTM Top Resa – 2012” ҳамда “JATA Tourism Forum & Travel Showcase – 2012” дунёдаги нуфузли халқаро кўргазмалардан ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ушбу кўргазмаларда юзга яқин мамлакатдан ўн мингдан зиёд сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этган. Мазкур тадбирлар сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этди. Уларда бизнес, экзотика, экологик, спорт ва маърифий саёҳат, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соғломлаштириш каби йўналишларга оид ўнлаб турдаги бўлимлар иш олиб борди.

Франция ва Японияда ўтказилган нуфузли туризм форумларида Ўзбекистон миллий стенди ўзининг бетакрор дизайни билан кўргазмалар иштирокчилари ва меҳмонлари эътибори марказида бўлди. Унда ёрқин миллий матолар, мамлакатимизнинг гўзал масканлари тасвирлари, тарихий обидалар ёрдамида юртимизга хос муҳит яратилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги маълумотлар ва суратларни ўз ичига олган альбомлар, турли буклет ва нашрлар сайёҳлик ярмаркаси иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

“IFTM Top Resa –2012” ҳамда “JATA Tourism Forum & Travel Showcase – 2012” халқаро сайёҳлик кўргазмаларида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Afsona Travel”, “Orient Voyage”, “Megatour”, “Asiatour” ва бошқа компания ҳамда фирмалари иштирок этди.

“Ўзбектуризм” компаниясидан маълум қилишларича, ушбу халқаро кўргазмалар жаҳон жамоатчилигини мамлакатимиз сайёҳлик саноати имкониятлари билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, туристик бизнес ривожининг тенденцияларини аниқлаш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш, бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини берган.


ЎзА
15 730