ЎзА Ўзбек

28.01.2013 20:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Истанбулда намойиш этилди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 24-27 январь кунлари “EMITT-2013” ўн еттинчи халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказилаётган халқаро сайёҳлик ярмаркаларида фаол иштирок этмоқда.

Истанбул халқаро сайёҳлик ярмаркаси дунё миқёсидаги йирик халқаро тадбирлардан. 2013 йилги ярмаркада етмишдан зиёд мамлакатдан 4500 сайёҳлик фирма ва компаниялари вакиллари, эксперт ва олимлар иштирок этди.

“Tuyap Istanbul Fair” – кўргазма залида ташкил этилган “EMITT – 2013” халқаро сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари, “Grand Mir”, “Radisson Blue” меҳмонхоналари ҳамда “Miramax”, “Uzin Tour”, “Mokocco Elite” каби сайёҳлик компания ва фирмалари иштирок этди.

Халқаро сайёҳлик ярмаркаси иштирокчилари тарихий обидаларимиз ва миллий қадриятларимиз акс этган “Ўзбекистон” стендига юксак баҳо бердилар. Мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари ва жойларига унутилмас саёҳатни уюштираётган ўзбек сайёҳлик компания ва фирмалари тақдим этган тур-пакетлар ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди, кўплаб шартномалар имзоланди.


ЎзА, Мадина Умарова
8 813