ЎзА Ўзбек

06.10.2016 18:22 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – мафтункор диёр

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида “Ипак йўлида туризм” ХХII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда. Унда дунёнинг турли минтақаларидан йигирмага яқин сайёҳлик компанияси ва мамлакатимизда ушбу йўналишда фаолият юритувчи ташкилот ва фирмалар иштирок этмоқда.

ЎзА мухбири ярмарка иштирокчиларининг таассуротлари билан қизиқди.

Чжу Шаньчжун, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг ижрочи директори:

– Туризм жадал ривожланаётган, халқаро ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим соҳалардан биридир. Ўзбекистон бу борада улкан салоҳиятга эга. Юртингиз сайёҳлик кўлами ва тарихий обидалари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторидан жой олган. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Мамлакатингизда ана шундай ноёб тарихий меросни ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш баробарида, сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётир. “Ўзбектуризм” миллий компанияси давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ана шундай йирик лойиҳалардан биридир.

Тадбир юқори савияда ташкил этилган. Унда дунёнинг кўплаб давлатларидан етакчи туристик ташкилотлар вакиллари иштирок этаётгани мамлакатингизда хорижлик ишбилармонлар ўз тадбиркорлик фаолиятини юритиши учун қулай шароит яратилганидан далолатдир. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини яна бир карра жаҳонга кенг намойиш этиш баробарида, турли мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни кучайтириш, тинчлик ва тараққиёт йўлида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга замин яратади.

Жон Бруно, Экотуризм халқаро жамияти ижрочи директори:

– Ўзбекистон туризмнинг кўплаб замонавий йўналишлари қатори экологик туризмни ривожлантириш борасида ҳам улкан салоҳиятга эга. Ўзбекистон табиатининг ўзига хос ландшафтлари, ноёб флора ва фаунаси, табиий обидалари, иқлими дунёнинг бошқа минтақаларидан ажралиб туради.

Ўзбекистонда алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдони йилдан-йилга кенгаяётгани ушбу табиий бойликларни асраб-авайлашга хизмат қилмоқда. Экотуризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар нафақат иқтисодий юксалиш, балки экологик муаммоларни муваффақиятли ҳал этишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Муҳаммад Содиқ, “Aaban Travel” сайёҳлик компанияси директори (БАА):

– Ўзбекистон – тарих ва замонавийликни ўзида мужассам этган табаррук заминдир. Хорижда юртингизга саёҳат қилишга иштиёқмандлар кўп. Хусусан, бизнинг компаниямиз орқали ҳар йили уч мингдан зиёд сайёҳ Ўзбекистонга келади.

Юртингизда туризм инфратузилмаси йил сайин такомиллашаётгани хорижлик сайёҳлар учун катта қулайлик яратмоқда. Ушбу ярмарка ўзаро манфаатли алоқаларимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳошимжон Ғайбуллаев, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Наманган вилоятидаги вакили:

– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада бир қатор тарихий обидалар реконструкция қилинди. Чекка ҳудудларда меҳмонхона, кемпинг, дам олиш масканлари ишга туширилаётир. Яратилаётган имкониятлар туфайли саёҳатга келаётган хорижликлар кўпаймоқда. Жорий йилнинг саккиз ойида 27 мингдан кўпроқ туристга хизмат кўрсатилди.

Айни пайтда вилоятимизда туризмнинг истиқболли йўналишларидан бири – экотуризм ва санаторий-курорт хизмати кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётир. Шу мақсадда Чортоқ туманида 250 ўринли санатория қурилмоқда. Янгиқўрғон, Чуст, Косонсой ва бошқа туманларда ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу ярмарка вилоятимизнинг ўзига хос сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш этиш ва бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Жавлон Шомуродов, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Хоразм вилоятидаги минтақавий бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи:

– Вилоятимизда етмишга яқин меҳмонхона ва туристик фирма сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича дастурларда белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилиши натижасида туризм инфратузилмаси тобора такомиллашмоқда.

Кейинги йилларда сайёҳликнинг турли соҳалари, айниқса, экологик туризмни ривожлантириш билан боғлиқ қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги меҳмонхоналар, сайёҳлик фирмалари ташкил этилмоқда. Боғот туманидаги “Қалажиқ қалъа”, Хива туманидаги “Қоронкўл” фермер хўжаликлари ҳудудида ташкил этилган сайёҳлик ифратузилмалари бунга мисолдир. Ярмаркада вилоятимизнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, тадбиркор ҳунармандлар ана шу йўналишдаги ўз хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этмоқда.

Баҳор Хидирова, ЎзА
11 811