ЎзА Ўзбек

21.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон хавфсиз туризм бўйича дунёда 46, МДҲда 1-ўринни эгаллади

Ўзбекистон хавфсиз туризм бўйича дунёда 46, МДҲда 1-ўринни эгаллади

Мазкур рейтинг Франциянинг Insurly порталида эълон қилинган. Рейтингни тузишда табиий офат эҳтимоли, соғлиқни сақлаш даражаси, жиноятчилик бўйича аҳвол, жумладан террорчилик ҳам ва транспорт ҳодисалари ҳисобга олинган.

2020 йилда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 1-ўрин 100 баллик имкониятдан 93,4 балл олган Швейцарияга берилди. Иккинчи ўринга 92,7 балл билан Сингапур лойиқ кўрилди. Учинчи ўринни эгаллаган Норвегияга 91,1 балл берилган.

Сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар ўнталигига шунингдек Люксембург, Кипр, Исландия, Дания, Португалия, Финляндия ва Япония ҳам киритилди.

Ўзбекистон ушбу рейтингда 70,3 балл олиб 46-ўринни эгаллаган. Рейтинг тузувчиларнинг фикрича, туристлар учун энг катта хавф, бу табиий офатлардир. Бу йўналишда Ўзбекистонга атиги 25 балл берилди. Аммо, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими юқори даражадалиги қайд этилди ва 81 балл берилди. 

Шунингдек порталда таъкидланишича, Ўзбекистонда келган сайёҳларга террорчилик таҳдиди умуман йўқ.

Рейтингдаги 46-ўрин Ўзбекистонни МДҲ мамлакатлар орасида биринчи ўринга олиб чиқди. 

Рўйхатда Ўзбекистондан кейинги ўринлар қўйидагича бўлди: Беларусь (48-ўрин), Озарбайжон (52), Туркманистон (60), Молдова (66), Грузия (68), Қозоғистон (71), Арманистон (72), Украина (83), Россия (86), Тожикистон (93), Қирғизистон (106) эгаллади.

2020 йилда сайёҳлар учун энг хавфли мамлакатлар учлигига Марказий Африка республикаси, Конго демократик республикаси ва Жанубий Судан киритилди.

18 911
ЎзА