ЎзА Ўзбек

06.10.2014 18:04 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон халқаро туризм бозорида алоҳида мавқега эга

“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлидаги туризм” ХХ Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди. Ушбу тадбирда қирқдан ортиқ мамлакатдан юзлаб фирма ва компаниялар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. ЎзА мухбири ярмарка иштирокчиларининг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Людмила Антипина, “Astra” сайёҳлик агентлиги вакили (Чехия):

– Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида мунтазам иштирок этиб келяпмиз. Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини изчил ривожлантириш ва бу борада ҳамкорлик қилиш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Бу юртнинг бой тарихи ва қадимий обидалари ҳар қандай кишини мафтун этади. Чехияда Ўзбекистон халқининг бой маданияти, қадимий тарихи ва бугунги куни билан танишишга қизиқиш катта.

Компаниямиз Ўзбекистоннинг “Aznur Travel”, “Elegant Tour Lux”, “Sofia Travel”, “Diamond Tоur” каби қатор фирма ва компаниялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу ярмаркада мамлакатингизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари билан яқинроқ танишиш, Ўзбекистон сайёҳлик фирма ва компаниялари билан фаол ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлар топишни мақсад қилганмиз. Ярмаркадаги иштирокимиз самарали ўтаётганидан жуда хурсандмиз.

Анил Кумар, “SenKay Tours & Travels” сайёҳлик компанияси директори (Ҳиндистон):

– Ўзбекистон ўзининг бой тарихий-маданий мероси, ноёб моддий ва номоддий маданий қадриятлари, меъморий обидалари, замонавий шаҳарлари билан халқаро сайёҳлик бозорида алоҳида мавқега эга. Буюк ипак йўли марказида жойлашган мамлакатингизда сайёҳликни тараққий эттириш борасида жуда катта имкониятлар мавжуд ва бундан самарали фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар кўплаб соҳалар қатори сайёҳлик йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳиндистонда Ўзбекистон маданияти ва тарихига қизиқиш катта. Аждодларингизнинг Ҳиндистонда қолдирган улкан ва бебаҳо мероси ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихий муштараклигидан далолат беради. Тож Маҳал, Ҳумоюн Мирзо мақбараси каби тарихий обидалар халқларимиз учун бирдек қадрли ва азиз.

Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг кўплаб сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирокида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказмоқдамиз, иштирокчиларни Ҳиндистон сайёҳлик салоҳияти билан таништиряпмиз. Тадбир давомида ўзбек миллий халқ ўйинларини томоша қилиб, мумтоз ашулаларни тинглаб, халқингиз ўзининг бетакрор қадриятларини нақадар асраб-авайлашига, юртингиз маданияти боқий ва бардавом эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Маҳбуба Алиева, Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро туризм факультети доценти:

– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари Самарқандда ўтказилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси очилишида таъкидлаганидек, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масаласи туризм соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи омили бўлиб қолмоқда. Мамлакатимиз ёшлари билим ва қобилияти, замонавий касб-ҳунари, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши билан барчада катта таассурот уйғотади.

Факультетимизда меҳмонхона хўжалиги, сайёҳлик маркетинги ва менежменти ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда. Бу борада “Ўзбектуризм” миллий компанияси, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Франция, Греция, Италия, Малайзия каби туризм ривожланган мамлакатларнинг олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси экспозицияси стендларининг махсус бўлими таълим туризмига бағишлангани мамлакатимизда мазкур йўналишни жадал ривожлантириш, туризмни жамоатчилик орасида кенг тарғиб этишга катта эътибор қаратилаётганининг яна бир ифодасидир. Бундай ярмаркалар туризм соҳасидаги фирма ва компаниялар билан танишиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ҳамда мавжуд муносабатларни янада мустаҳкамлаш имконини бераётир.

Нодира Манзурова, ЎзА
12 271