ЎзА Ўзбек

11.02.2013 16:35 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон “Balttour – 2013” халқаро сайёҳлик ярмаркасида

Мамлакатимизнинг туристик компания ва фирмалари Латвиянинг Рига шаҳрида шу йил 8-10 февраль кунлари бўлиб ўтган “Balttour – 2013” йигирманчи халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этди.

Ўзининг хушманзара табиати, ноёб ва бетакрор тарихий обидалари ҳамда бой урф-одатлар ва қадриятлари билан дунёга машҳур Ўзбекистон мазкур ярмаркада иккинчи марта иштирок этди. Жорий йилда “Balttour – 2013”да Латвия, Ўзбекистон, Германия, Чехия, Испания, Греция, Украина, Россия, Хорватия, Тунис, Вьетнам, Тайвань, Туркия, Италия, Словакия, Ҳиндистон, Озарбойжон каби 34 мамлакатдан қарийб етти юз сайёҳлик фирма ва компанияси вакиллари иштирок этди.

“Ўзбектуризм” Миллий компаниясидан маълум қилишларича, “Кипсала” халқаро кўргазма марказида ўтказилган сайёҳлик ярмаркасида мамлакатимизнинг “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари, “Dolores Travel”, “Asia Advantages” каби сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этган. Ярмарка иштирокчилари Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатимизда бу соҳада таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат ва тарихий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари, фотоэкспозициялар, экотуризм, меҳмонхона хизматлари, сайёҳлик ташкилотлари, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумот ва адабиётлар билан танишган.

Халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида дунёнинг турли давлатларидан келган мутахассислар билан фикр алмашилди ва ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Бир қатор сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликка оид битимлар имзоланди.


ЎзА, Мадина Умарова
9 234