ЎзА Ўзбек

19.09.2019 Чоп этиш версияси

Юксалаётган миллат орзуси: "мен"лардан "БИЗ" пайдо бўлади. Биз – бу миллатимиз, дегани

Юксалаётган миллат орзуси: "мен"лардан "БИЗ" пайдо бўлади. Биз – бу миллатимиз, дегани

Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари

Ўзбекистон бир неча асрлик қарамлик, қадди эгикликдан кейин тикланиб олишига чорак аср керак бўлди. Чунки букилиб, ўтириб қолган одам бирданига юриб-югуриб кета олмайди. Аввал қаддини тиклаб, ростланади, ўзини тайёрлайди, мўлжални ўзи, мустақил, аниқ белгилаб, кейин юриб, югуриб кетади.

1991 йилдан кейинги 25 йиллик тарихимизни ана шундай тикланиб олиш даври сифатида эътироф этиш мумкин. Бу давр миллий тикланиш даври эди.

Энди қадамимизни миллий юксалиш сари қўйдик. Бунда миллий ғоя ҳар биримиз учун дастуриламал вазифасини ўтайди. 

Миллий юксалиш – миллатнинг юксалиши

Ҳақиқатан ҳам шундай. Шу миллат вакили бўлган ҳаммамизнинг юксалишимиз. Шу боис 7 ёшдан 70 ёшгача ҳар бир фуқаро ўзини ҳар жиҳатдан юксалтириши лозим. Чунки "мен"лардан "БИЗ" пайдо бўлади. Биз – бу миллатимиз, дегани. Демак, ҳар бир шахс ўзини, ўз дунёқарашини, фазилатларини, айниқса, ватанпарварлигини юксалтириб борса, миллатни юксалтиришга ҳисса қўшган бўлади. Миллий юксалиш ва ватанпарварлик бир-бирига икки кўздай яқин тушунчалардир. Бунга мисол сифатида маънавият ва маърифат аҳлининг буюк устози – Абдурауф Фитратнинг “Нажот йўли” (“Раҳбари нажот”) асаридан бир лавҳа келтирсак: “Бундан олти ой муқаддам Истанбулга Но Камо номли ёш япон сайёҳи келган эди. У шайтон араваси (велосипед)да уч йил давомида олам кезиб, Чин, Ҳинд, Эрон, Арабистонларни айланиб чиқиб, бу ерга келганини ва бундан кейин шу икки чархли аравасида Фарангистонга сафар қилиш фикри борлигини эшитдим. Шу йигит билан учрашишни хоҳладим. Бир дўстим орқали хонасига бориб, у билан мулоқотда бўлдим. 26 ёшлардаги бир йигит курсида ўтириб хат ёзарди. Йўлдоши, яъни япон давлатини кафолати бўлган байроқча илинган шайтонараваси ҳам рўпарасида турарди. Бизни эҳтиром билан кутиб олди, ўтирдик, уч йил муддатда исломий мамлакатларда кўрган ажойиботларини бизга сўзлаб берди. Суҳбат асносида дилим танг бўлиб сўрадим:

– Биродар, бепул, ёлғиз, беаслаҳа бу икки чархли араванг билан Арабистоннинг жонни куйдирувчи чўлларидан қандай ўтдинг? Фараз қилдикки, ўзингга таом топиб еб, ётар жой ҳам топдинг, лекин чумчуқни ҳам соғ қўймайдиган саҳройи араб чангалидан қандай халос топдинг?

Япон йигити менга қараб кулди-да, қўлини кўтариб Япон давлатининг байроғини кўрсатиб деди:

– Шу байроқ мени сиз айтаётган хавф-хатардан, мушкулотлардан муҳофаза қилди!

Бу кучли жавобдан титраб кетдим, бир лаҳза сукут сақладим, лекин бу қатъий мағлубият оғир ботди, қалбимда бир интиқом туйиб, йигитни гапнинг зўри билан мағлуб қилиш мақсадида дедим:

– Биродар, аҳди ислом табъан меҳмондўст ва мусофирпарвар, шунинг учун сени ҳурмат қилганлар, лекин сен Фарангистонга саёҳат қилмоқчисан, у ерда сенинг ҳолинг мушкул бўлади, зеро, оврўпалилар ҳеч бир мусофирнинг ҳолига қарашмайди.

Лекин Но Камо хотиржамлигини бузмай деди:

– Бизнинг миллатимиз ўзининг буюклиги ва шарафини бутун заминга таратгандир, унинг бирор-бир вакили дунёнинг ҳеч бир нуқтасида мушкулотга дучор бўлмайди. Мен шундай қавм орасида ҳам бўлдимки, япон миллатидан бошқа нарсанинг номини билмайдилар. Кейин мен борган баъзи мамлакатларда одамлар бизни ифтихор билан тилга олиб, мактабда ўз болаларига дарс берадилар. Албатта, улар мени араблардан ҳам кўпроқ эҳтиром қиладилар". Мана шуни дунёнинг шарафу саодати деса бўлади! Хулоса ўзингиздан!

Демократия ва эркинлик деган тушунчаларни ўзига қурол қилиб олаётганлар

Эътибор қилаяпсизми, бугун айримлар демократия ва эркинлик деган тушунчаларни ўзига қурол қилиб олмоқда. Лекин эркинликнинг ҳам чегараси, унинг ҳам маданияти бор. Бундай одамлар аслида эркинлик ҳақида тўғри ва тўлиқ тушунчага эга эмас. Шу боис ундан қачон, қандай қилиб, нима мақсадда фойдаланиш мумкинлигини билмайди ёки билса ҳам тан олмайди. Натижада-чи? Натижада улар эркинликни қурол қилиб, ундан шахсий манфаатлари, хою-ҳаваслари ва ҳавойи нафслари йўлида, ҳатто, ўз миллатининг оёғига болта уриш мақсадида фойдаланишгача бормоқда. Маънавиятсиз, маърифатсиз эркинлик ана шундай ҳалокатли йўлларга етаклаб кетиши мумкин. Бу ҳақда буюк олмон файласуфи В.Виндельбанднинг фикрлари таҳсинга лойиқ: “Аслида эса тарихда эркинлик номи остида кўп улуғ ишлар амалга оширилган, лекин айнан шу ном билан қанчадан-қанча гуноҳлар қилинган. Ҳар бир кишининг хаёлига келганида юраги дукиллаб уриб кетадиган шу ном билан қанчадан-қанча жинояту нодонликлар, эҳтирос алдовию сўқирликлар ўзини безади ва безамоқда”. Эркинлик атамасининг мазмуни, ҳақиқатда ҳам, ҳалигача турли хил бўлиб келмоқда. “Эркинлик” тушунчасини якдил, миллий ғоямизга мос тушунсак, у миллий юксалишимизнинг креатив ресурсига айланади.

Аслида миллий ғояни тарғиб қилиш учун жой, вақт, восита танлаш унчалик катта аҳамият касб этмайди. Аммо тарғибот самарадорлигини ошириш учун уни ташкил қилиш усулларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Миллий ғояни тарғиб қилиш масаласи фақатгина у ёки бу ташкилотгагина юклатиб қўйилмаган, уни тарғиб қилиш мумкин бўлган ёки мумкин бўлмаган жойлари ҳам қатъий қилиб белгилаб қўйилмаган. Аслида миллий ғоянинг миллийлиги – умумхалқ ғояси эканлиги ҳам шунда. Агар барча бугун ўз соҳаси хусусиятидан келиб чиқиб, миллий қадриятларимизни, миллий тарбияни тарғиб қилиш ишлари билан ҳам шуғулланса, фуқароларимизни, албатта, бир ғоя атрофида бирлаштиришга эриша оламиз.

Бу масалада биз бир-биримиз билан тортишиб, фақат ўзимизникини маъқуллашга уринмаслигимиз керак. Айнан шу борада ўзимизни кўрсатиб қолиш фикридан йироқ бўлишимиз лозим. Биргаликда, арқонни бир хил тортмасак, бўлмайди.

Замон шиддатли, нима қилмоқ керак?

Бу саволга жавобни муҳтарам Президентимиз биз тушунишимиз ва чуқурроқ англаган ҳолда ҳаракат қилишимиз учун қайта-қайта такрорлаяптилар: Тарбия, тарбия ва фақат тарбия! Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, миллий ғоя таълим-тарбия тизимининг умуртқа поғонаси бўлиши керак. Таълим дастурлари ва стандартлари билан биргаликда тарбия дастурлари ва стандартлари ҳам қабул қилиниши лозим. Ана шундагина тарбия ишлари педагогларимизнинг бўш вақтида шуғулланадиган иши эмас, балки иш вақтида шуғулланадиган асосий вазифасига айланади. Биз ёшларимизни қанча билимли, илмли қилмайлик, агар уларда маънавият, ахлоқ-одоб, маданият етарли бўлмаса, қилган ишларимизнинг барчаси бефойда.

Ҳар бир ўғил-қиз онгига миллий ғурурни, ёшига мос маънавиятни жо қилиб борсак, улар нима яхшию нима ёмонлигини, кимга эргашиб, кимдан қочиш кераклигини англаб етади. Мустақил фикр ва қатъий эътиқодга эга бўлади. Қисқаси, оқ ва қорани бир-биридан ўзи ажратиб, бехато яшайди. Бир нарсани унутмайлик. Энди биз бўғиқ, букик, эгик, синиқ миллат эмасмиз. Қадди тик, юксалиш йўлида дадил одимлаётган халқмиз. Юксалаётган миллатнинг орзуси ҳам, мўлжаллари ҳам пастда эмас, олдинда ва юқорида бўлади.

Яқиндагина Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳам сенаторларга мурожаатида маънавият ва маърифат, мафкуравий тарбия масалалари ҳақида тўхталиб ўтди. Очиғи, ҳайратландим. Авваллари бу каби масалалар ялпи мажлисда бунчалик жиддий кўтарилмаган. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда тарбия бўйича ягона тизим, тартибга солинган механизм яратилиши зарур, деган хулосага келдим.

Бу борада мамлакатимиздаги тарбиявий ишларда давлат идораларига, ҳукуматга ёрдам берадиган Миллий тарбия жамиятини тузиш мақсадга мувофиқ. Барча партияларнинг вазифалари қаторига ёшлар тарбияси масаласини киритиш керак. Ҳар бир тизимдаги малака ошириш муассасаларида тарбия бериш методикасини ўргатадиган курсларни йўлга қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Миллий ғояни тарғиб қилишга мўлжалланган жамоатчилик (нодавлат нотижорат) ташкилотини ташкил этиш ҳам айни муддао.

Отабек БОЗОРОВ,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

бошқарма бошлиғи


10 115
ЎзА