Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 19:16 Чоп этиш версияси

Япониядан Самарқандга

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Япония халқаро туристик ассоциацияси ҳамкорлигида кунчиқар мамлакат фуқароларининг чартер парвозлар орқали юртимизга саёҳати йўлга қўйилди.

Апрель-октябрь ойларида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур саёҳатлар давомида 2500 га яқин японияликлар бир ҳафта давомида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларида бўлиб, юртимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, миллий анъана ва қадриятлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.

Ўтган ҳафта ушбу лойиҳа доирасида Япониядан Самарқандга биринчи чартер рейс амалга оширилди. Сайёҳлар Самарқанд халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Маросимда Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито иштирок этди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда мазкур тармоқнинг иқтисодиётдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Илҳом Сувонов. – Япониялик ҳамкасблар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа бунинг ёрқин ифодасидир. Ўтган йили кунчиқар юртдан Самарқандга тўғридан-тўғри рейслар орқали 1000 га яқин сайёҳ ташриф буюрган эди. Жорий йилда бу кўрсаткич икки ярим баробар ошиши кутилмоқда.

Меҳмонлар Самарқанддаги қадимий обидалар, муқаддас қадамжолар, сўлим боғ ва хиёбонларни томоша қилди. Самарқанд шаҳридаги Ҳунармандлар маркази, Регистон майдонида намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, фольклор жамоалари чиқишлари ва бошқа маданий дастурлар сайёҳларга бир олам завқ бағишлади. Турли миллий таомлар, Самарқанд нонлари ва бошқа ноз-неъматлардан баҳраманд бўлди.

– Кишига ўзгача кайфият бағишлайдиган баҳор кунларида серқуёш Ўзбекистон заминида бўлиб турганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди Кёко Икида. – Юртингиз табиати, мусаффо ҳавоси инсонга ҳузур бағишлар экан. Одамларнинг самимий ва меҳмондўстлиги ҳар қанча таҳсинга муносиб. Бой тарихга эга Самарқанд шаҳри бизга жуда ёқди. Бу ердаги ҳар бир обида ўтмишнинг маълум бир даврлари ҳақида ҳикоя қилади. Саёҳатимиз таассуротларга бой ва ҳаяжонли бўлди.

Апрель ойида Япониядан Самарқандга яна иккита шундай парвоз режалаштирилган.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 766






Все о погоде - Pogoda.uz