ЎзА Ўзбек

01.03.2019 20:52 Чоп этиш версияси

Япониядаги ватандошларимиз японларни қойил қолдирди

Япониядаги ватандошларимиз японларни қойил қолдирди

Президентимизнинг “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш механизми йўлга қўйилди.

Японияда Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлганлар сонини кўпайтириш, япон аҳолисини, айниқса ёшларини мамлакатимиз ва унинг туризм имкониятлари билан яқиндан таништириш мақсадида ватандошларимиз томонидан бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.

Тадбирлар давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилаётган Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материаллари, жумладан видеороликлар, расмлар ва бошқа воситалардан фойдаланишмоқда.

Япониянинг Нагоя шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошимиз, Нагоя иқтисодиёт университети талабаси, “Earth Design” туризм компанияси ходими Миржалол Менгбоев, Киёсу шаҳрида дунё маданияти ва таомларига бағишланган “13-Халқаро базм” фестивалида Ўзбекистон номидан иштирок этиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этди.

“Тадбир жуда илиқ ва самимий руҳда ўтди. Миллий тўн ва дўппимизни кўрган тадбир иштирокчилари мамлакатимизга катта қизиқиш билдиришди ҳамда суратга тушишни илтимос қилишди. Миллий рақсларимиз, жумладан, Андижон полкасига рақсга тушганимиз эса барчага бирдек манзур бўлди. Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари Ўзбекистонга катта қизиқиш билдиришиб, Япония телевидениелари мухбирлари ўз телеканаллари орқали Ўзбекистон ҳақида кўрсатув намойиш қилишларини маълум қилишди” – дейди Миржалол Менгбоев.

Япониянинг Фукуока шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошимиз, “Фукуока халқаро маркази” Халқаро ўқитувчилар жамоасининг Ўзбекистон бўйича вакили Маҳбуба Камолова томонидан Фукуока шаҳридаги Накаминами мактабида ҳамда “Миннами Шогаккуни” таълим муассасасида талабалар ва уларнинг ота-оналари учун Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.

“Ўзбекистон халқининг бой урф-одат ва анъаналари, миллий либослари, тарихий шаҳарлари, миллий таомлари ва бетакрор табиати ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Албатта имкон топиб, Ўзбекистонга ташриф буюраман” – дейди Япониялик ўқитувчи Мори Омура.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Япониядаги ватандошларимиз томонидан 2019 йил давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш бўйича қатор тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ўзлари истиқомат қилаётган мамлакатларда тарғиб қилиш борасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш истагини билдираётган хориждаги ҳамюртларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда.

ЎзА
7 972