ЎзА Ўзбек

29.12.2014 18:12 Чоп этиш версияси

Янги йилни Ўзбекистонда кутиб олаётганимдан хурсандман

Мамлакатимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Барча Янги йилни кўтаринки руҳда, хуш кайфиятда кутиб олмоқда. Пойтахтимиз кўчалари, сайлгоҳ ва боғларда кўплаб хорижлик сайёҳларни учратиш мумкин. ЎзА мухбири улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

Ли Донг Ким (Корея Республикаси):


– Ўзбекистонга оилам билан келдим. Тарихий шаҳарларингизни кўриб, миллий урф-одатларингиз билан танишиб, юртингизга мафтун бўлиб қолдик.

Мамлакатингизда сайёҳлик соҳаси изчил ривожланмоқда, сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун барча қулайликлар яратилаётир. Кўп асрлик тарих, бетакрор маданият ва анъаналарга эга юртингизнинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги нуфузи тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистонга бир марта келган киши бу ерга яна келишни истайди.

Ўзбекистон – улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат. Юртингизда хорижлик ишбилармонлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, кенг имконият ва имтиёзлар кореялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқишини тобора оширмоқда. Мамлакатингиз иқтисодиёти бундан кейин ҳам барқарор ривожланишига ишонаман.

Мэт Козарт (АҚШ):

– Тошкентга келишим билан байрам шукуҳини сездим. Кўча ва майдонларда, меҳмонхоналару супермаркетларда Янги йил нафаси уфуриб турибди. Безатилган арчалар, бозор расталаридаги турфа ўйинчоқ ва совғалар киши кўзини қувонтиради.

Ўзбекистонда Янги йил арафасида болалар учун турли томошалар, байрам кечалари ўтказилиб, уларга Президент совғалари топширилишини эшитиб ҳайратда қолдим ва ҳавас қилдим. Бу каби хайрли тадбирлар кичкинтойлар қалбини олам-олам қувончга тўлдириши шубҳасиз.

Витторио Жоржи (Италия):

– Янги йил барча одамлар, айниқса, болакайлар интиқлик билан кутадиган байрам. Ўзбекистон байрам кунлари янада гўзал ва мафтункор бўлиб кетибди. Фарзандлари билан дам олаётган ота-оналарни, байрам совғалари харид қилаётган ёшларни кўриб, юртингизга, одамларингизга чин дилдан ҳавасим келди.

2015 йилни эртакмонанд диёрингизда кутиб олишдан бахтиёрман. Бу заминда ҳар бир байрам қизиқарли ўтишига ишонаман. Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Янги йил айёми билан чин юракдан қутлайман.

Никил Тҳаккар (Ҳиндистон):

– Ўзбекистонга олти йил аввал келгандим. Ўтган даврда юртингиз, хусусан, Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. Кўплаб замонавий иншоотлар қад ростлабди, янги боғлар барпо этилибди.

Барча орзиқиб кутадиган Янги йил байрамини мамлакатингизда кўтаринки руҳда ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилганининг гувоҳи бўлдим. Айниқса, Мустақиллик майдонида бунёд этилган “Эртаклар шаҳарчаси” менда унутилмас таассурот уйғотди. Бу ерда намойиш этилаётган байрам томошалари нафақат кичкинтойларга, балки катталарга ҳам жуда манзур бўлаётир. Майдондаги безаклар, бири-биридан қизиқарли томошалар, болаларнинг ўйинга тўймай шодланаётганини кўриб, Ўзбекистон халқига ҳавасим келди. Бу ерда болаларнинг Янги йил тантаналарини, қишки таътилни мазмунли ўтказиши учун ҳамма шароит яратилган.

Бундай кайфиятни, бунёдкорлик ва ривожланишни юртингизнинг барча жойларида кузатиш мумкин. Заҳириддин Муҳаммад Бобур вояга етган шаҳар – Андижонни зиёрат қилиш асносида бунга гувоҳ бўлдим. Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган, халқ фаровонлиги муттасил юксалиб бораётган бундай юртга байрамлар ярашади.

Нодира Манзурова, ЎзА
9 829