ЎзА Ўзбек

09.01.2013 17:35 Чоп этиш версияси

Яхши гид билан саёҳат мароқли ўтади

Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳаси сингари сайёҳлик ҳам изчил ривожланмоқда. Бугун мамлакатимизда сайёҳларга тарихий-маданий йўналишлардаги саёҳат турларидан то экстремал туризмга доир кўплаб хизмат турлари таклиф этилаётир. Туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жараёнида малакали мутахассислар, профессионал гидларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда “Ўзбектуризм” миллий компаниясига қарашли Республика илмий-ўқув консалтинг марказининг ўз ўрни бор.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гид хизмати – сайёҳлик бизнесининг талаб катта соҳаларидан. Зеро, ҳар бир сайёҳ бошқа мамлакат ёки шаҳарга борганида гид ёрдамига эҳтиёж сезади. Ушбу касб эгаси саёҳат давомида меҳмонга ҳамроҳ бўлиб, меҳмонхонага жойлашишдан то тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш, музейлар томошасига бориш учун чиптага буюртма беришгача бўлган катта-кичик ташкилий ишларни бажаради. Бугунги кунда гидлар сайёҳлик фирма ва агентликларида, гид ва таржимонлик хизматларини таклиф этувчи компанияларда, қўриқхоналарда, маданият даргоҳлари – музей, галереяларда фаолият олиб бормоқда. Гид саёҳат дастурига киритилган объектларни ва мавзуларни чуқур билиши, уни қизиқарли тарзда ҳикоя қилиб, гуруҳ эътиборини жалб эта олиши, саёҳатни унумли режалаштириши ва ўтказиши керак.

– Марказимиз сайёҳлик соҳаси учун гидлар, туроператорлар, турагентлар, меҳмонхона менежерлари, сайёҳлик корхоналарининг раҳбарлари, меҳмонхона хўжалиги ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади, – дейди Республика илмий-ўқув консалтинг маркази директори Елена Голишева. – Марказимиз томонидан сайёҳлик корхоналари раҳбарлари ва туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи гидлар учун ҳар йили тренинглар ўтказилади. Ўз сайёҳлик фирмасини очаётган тадбиркорларга маслаҳат хизмати кўрсатилади. Ўн икки йилдан буён марказимиз томонидан икки минг гид, минг нафар туроператор ва меҳмонхона хўжалиги ходими тайёрланди. “Ўзбектуризм” миллий компанияси тизимидаги туристик фирма ва меҳмонхоналар учун юзлаб семинар-тренинглар, ички туризмни ривожлантириш бўйича илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Туроператорлик ва меҳмонхона фаолияти бўйича методик, Буюк ипак йўли шаҳарларининг тарихий-меъморий мероси бўйича услубий, гид-таржимон ва туроператор курслари тингловчилари учун кўмак сифатида электрон шаклдаги методик қўлланмалар тайёрланди.

Мазкур илмий-ўқув консалтинг маркази томонидан сайёҳлик ташкилотлари ходимларини туристик бизнесни ташкил этиш ва бошқаришнинг замонавий шакл ва услубларига ўргатиш бўйича янги услубий тавсия ва қўлланмалар, соҳага оид брошюра ва буклетлар, зарур услубий адабиётлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Гидларнинг малакасини ошириш мақсадида йирик сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар, ресторанлар, хорижий шериклар ва инвесторлар билан ҳамкорликда амалий семинарлар ташкил этилаётир. Мамлакатимизнинг гид-таржимонлари ва экскурсоводлари ҳақида маълумотлар банки шакллантирилиб, доимий равишда янгилаб борилмоқда.

Соҳада ўттиз йилдан буён ишлаб келаётган олий тоифали гид Дилбар Абдунабиеванинг таъкидлашича, мамлакатимизга келаётган сайёҳлар юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлардан, барпо этилаётган янги-янги замонавий бинолардан, ишлаб чиқарилаётган турли русумдаги автомобиллардан, халқимизнинг хушмуомалалиги ва меҳмондўстлигидан ҳайратга тушади. Сайёҳлар йўлбошловчидан аниқ ва иложи борича кўпроқ маълумот олишни истайди. Бу гидлардан ўз устида астойдил ишлашни, янгиликлардан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган юксак самаралардан хабардор бўлишни тақозо этади. Турли мамлакат, миллат ва касб эгалари бўлган одамлар билан мулоқот юритиш гидлардан хушмуомалалик, сабр-тоқат ва кенгфеълликни талаб қилади. Сабаби ҳамма сайёҳ ҳам муомалада мулойим бўлавермайди. Баъзилари эса тарихий жойларда бўлиш тартиб-қоидаларига риоя этмаслиги мумкин. Бироқ уларга ҳамроҳлик қилаётган гид бу каби ҳолатларда асабийлашмаслиги, саёҳатнинг охиригача ширинсўз бўлиб қолиши даркор. Бундай талабларга жавоб бериш эса осон эмас.

Гид ўз мамлакати, унинг тарихи ва маданияти, халқининг урф-одат ва анъаналари, меъморий обида ва ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотга эга бўлиши ғоят муҳим. Профессионал гид чиройли сўзлаши, ўз фикрини тўғри ва тушунарли ифодалай олиши, фаол, сабрли ва зукко бўлиши зарур.

Айни пайтда гид саёҳат давомида ўз гуруҳи учун жавобгар бўлгани боис, ундан фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсата олиш ҳам талаб этилади. Яна бир муҳим жиҳати, гид ўзининг ташқи кўринишига ҳам алоҳида эътибор бериши лозим. Чунки, сайёҳлар айнан унга қараб бутун мамлакат аҳли ҳақида хулоса чиқариши мумкин.

– Чет эллик сайёҳларга юртимизнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатиб, улар ҳақида шунчаки ҳикоя қилиб бериш билан чекланмайман, балки жонажон Ватанимиз Ўзбекистон билан фахрланишимни гапларимга, суҳбатларимга сингдираман, – дейди самарқандлик гид Собир Ражабов. – Мамлакатимизга, хусусан, Самарқандга келадиган сайёҳларга тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган қадимий шаҳримиз, у ердаги ноёб тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, халқимизнинг бетакрор маданияти, анъаналари, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимиз ҳақида кенг ва қизиқарли маълумотлар беришга ҳаракат қиламан. Халқимизнинг меҳмондўстлиги, инсонпарварлиги, бағрикенг ва меҳр-оқибатлилиги, мамлакатимизда турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши, айниқса, кўплаб хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган иқтидорли ёшларимиз хорижлик сайёҳларда жуда катта ҳавас уйғотади. Самарқандга келадиган сайёҳлар учун асосан тарихий обидаларга, муқаддас қадамжоларга, музей ва бозорларга, миллий ҳунармандлик буюмлари тайёрланадиган устахоналарга, боғ ва хиёбонларга, зоология, ботаника ва археология музейларига, ишлаб чиқариш корхоналарига, шунингдек, халқимизнинг ўзига хос миллий анъаналари ўз ифодасини топган маҳалла марказлари ва гузарларга саёҳатлар уюштирамиз. Хорижий ва маҳаллий сайёҳларни шаҳримиздаги йирик саноат корхоналари, олий ўқув юртлари фаолияти билан ҳам таништириш жараёни ғоят қизиқарли ўтади.

Республика илмий-ўқув консалтинг марказида гидларни тайёрлашда мутахассисларнинг сайёҳлар билан муомалада бўлиши ва туристик гуруҳни бошқариш кўникмаларини қай даражада эгаллаганига алоҳида эътибор қаратилади. Гидлар юртимиз тарихи, географиясидан ташқари, унинг санъати, архитектураси, иқтисодиёти, социологияси сингари кўплаб жабҳалар бўйича пухта билимга эга бўлиши шарт. Шу боис гидлар олий ёки тугалланмаган олий маълумотли, Республика илмий-ўқув консалтинг марказининг тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини тамомлаганлиги ва аттестациядан ўтганлиги ҳақида сертификатга эга бўлиши, марказда ҳар йили малака ошириши керак.

Марказнинг ўқув режа ва дастурлари меҳнат бозорига мувофиқ равишда сайёҳлик соҳаси учун профессионал билимга эга, замонавий талабларга жавоб берадиган, мустақил фаолият юрита оладиган мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган. Таълим жараёнида интерактив усуллардан самарали фойдаланилади. Ўқув жараёнларини олиб бориш учун турли вазирлик ва идораларнинг тажрибали мутахассислари ҳам жалб этилади.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ташаббуси билан туризм соҳасининг ана шундай муҳим мутахассислари ишини тартибга солиш, экскурсия хизматларининг сифатини ошириш, сайёҳларни аниқ, тўлиқ ва холис ахборот билан таништиришни таъминлаш ва гидлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида мамлакатимиз гидлари ҳар икки йилда бир марта аттестациядан ўтказилади. Аттестациядан ўтган гидлар мамлакатимиз бўйлаб экскурсияларни мустақил ўтказиш ҳуқуқига эга бўладилар.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси томонидан ишлаб чиқилган аттестациядан ўтказиш тартибига кўра, мамлакатимиз гидлари касбга лойиқлигининг уч даражали тизими назарда тутилган. Биринчи ва иккинчи даражали гидлар вақтинчалик сертификат оладилар. Сайёҳлик соҳасида камида ўн йиллик иш тажрибасига эга бўлган юқори даражали мутахассислар эса кейинчалик тасдиқланиши талаб этилмайдиган доимий сертификатга эга бўладилар.

Мамлакатимизда соҳа учун олий ва ўрта махсус маълумотга эга кадрлар Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида, Бухоро ва Урганч давлат университетларида, бир қатор туризм коллежларида тайёрланмоқда.

– Коллежимизда меҳмонхона ва ресторан хизматлари менежерлари, ошпазлар тайёрланади, – дейди Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежи директори Рўзимурод Ғойипов. – 2011 йили туристик хизматлар ташкилотчиси факультети очилгани коллежимизда сайёҳлик соҳаси учун гидлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш имконини берди. Зеро, бу соҳа нафақат туристларни жалб этиш, балки уларни кутиб олиш, меҳмонхонага жойлаштириш ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш билан боғлиқ ишларни ҳам ўз ичига олади.

Мамлакатимизда юқори малакали гидлар тайёрлашга қаратилаётган эътибор ўз самараларини бераётир. Бугун юртимизнинг турли ҳудудлари билан танишаётган хорижлик сайёҳлар гидлар хизматидан кенг фойдаланмоқда.

– Бир неча кун мобайнида Тошкентни мириқиб томоша қилдим, – дейди германиялик сайёҳ Петер Кауэр. – Бу азим шаҳарда мароқли дам олиш учун барча қулайлик яратилган. Музей ва галереялар билан танишиш кишига катта завқ беради, халқингизнинг меҳмондўстлиги киши баҳри дилини очади. Мамлакатингизга саёҳатим давомида гидлар хизматидан фойдаландим. Ўзбекистон гидларининг кенг дунёқараши, бой тафаккури ва хушмуомалалиги менга манзур бўлди.


ЎзА, Нодира Манзурова
10 115