ЎзА Ўзбек

06.10.2017 19:15 Чоп этиш версияси

Уй меҳмонхоналари: миллий маданиятимиз намойиши

Уй меҳмонхоналари: миллий маданиятимиз намойиши Мамлакатимизда туризм индустриясини ривожлантириш, соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорида тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Кейинги йилларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли Соҳибқирон Амир Темур вояга етган, кўплаб тарихий ёдгорликларни жамлаган кўҳна Шаҳрисабз сайёҳларнинг севимли масканига айланмоқда. Биргина ўтган йилда 10 мингдан зиёд сайёҳ қадим Кешни зиёрат қилгани фикримиз далилидир. Айни пайтда шаҳарда тарихий обидаларни қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Меҳмонхона бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда. Замонавий отеллар барпо этилиши билан бирга, ноанъанавий услубда иш олиб борувчи уй-меҳмонхоналар ҳам ташкил этилаётир. Бундай меҳмонхоналарнинг ўзига хослиги шундаки, улар туристларга ҳудуд аҳолиси турмуши, урф-одатлари билан яқиндан танишиш, бир муддат ўзини кўҳна даврда яшагандек ҳис этиш имконини беради.

8.jpg

– Ҳозир яшаб турган уйимиз қурилганига 200 йилдан ошган, – дейди Шаҳрисабз шаҳрининг Қозигузар маҳалласида яшовчи Рашид Ҳайдаров. – Шунча вақт давомида у ўз тароватини асло йўқотмаган. Меъморчилиги ҳам ўша даврга хос. Деворлари синчкори усулда бунёд қилингани боис қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Ҳар бир хона ичида бир неча токча қилинган. Улардан нарса-буюм қўйишда фойдаланилган. Ҳовлида саксовул оловида пиширилган ғиштлар ётқизилган. Шунчалик пишиқки, синдириш мушкул. Бу ғиштларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ундан зах ўтмайди. Ҳароратни ўзида яхши сақлайди. Ёз ойларида устида ялангоёқ юрилса, оёқ билан боғлиқ кўп касалликларга даво бўлади. Хуллас, уйимиздаги ҳар бир нарсанинг узоқ тарихи бор. Ўйлаб-ўйлаб, уйнинг бир қисмини меҳмонхонага мослаштиришга аҳд қилдик. Замон талаблари асосида жиҳозладик. Албатта, айрим зарур ўзгартиришлар ҳам киритдик. Барча қулайликларга эга ювиниш хонаси, канализация тизими қурдик. Уйнинг ташқи ва ички қисмлари асл ҳолатини йўқотмаган ҳолда миллий унсурлар билан бойитилди. Сўзаналар билан безалди, мисдан ясалган кўза, офтоба ва лаганлар, сопол хумдон, ёғоч лавҳ кўз тушадиган жойга қўйилди. Булар хорижий сайёҳларни бефарқ қолдирмайди, албатта.

Уйнинг эшиги уйдан-да қадимий. Халқ тилида “бағдоди эшик” деб юритиладиган бундай қадимий эшиклар Соҳибқирон Амир Темур даврида Бағдоддан келган таниқли усталар томонидан ясалган ва ўзининг бежирим нақшларию мустаҳкамлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Мазкур уй-меҳмонхонада ажойиб муҳит яратилгани бир қарашдаёқ сезилади. Кираверишда reception – қабулхона сизни қарши олади. Бу ерда меҳмонлар рўйхатдан ўтказилади ва хоналарга жойлаштирилади. Ҳар бир хона ором олишга мўлжалланган бўлиб, алоҳида-алоҳида ётоқ каравоти ўрнатилган. Меҳмонхона бир йўла 9 нафар туристни қабул қила олади.

Ҳовлининг кунчиқар тарафига ёғоч сўри ўрнатилган. Усти қамиш бўйра билан ёпилган. Сўри ўртасидаги хонтахта атрофига миллий услубда тайёрланган кўрпача ва ёстиқлар қўйилган. Ҳаво очиқ кунларда меҳмонлар унинг устида суҳбат қуриши, тановул қилиши мумкин.

Сайёҳлар нафақат миллий таомларимиздан татиб кўриш, балки уларни тайёрлашда бевосита иштирок этиш имкониятига ҳам эга. Бунинг учун махсус тандир ва ўчоқлар қилиниб, зарур шароитлар яратилган.

– Уй-меҳмонхонамизда сайёҳлар кўнгилдагидек дам олиш билан бирга, миллий маданиятимизни ҳам яхши ўрганиш имкониятига эга бўлади, – дейди хонадон соҳибаси Мушаррафа Қамбарова. – Масалан, меҳмонларга ёшлар иттифоқининг туман кенгашидаги истеъдодли йигит-қизлар билан ҳамкорликда тўй ва келин салом каби миллий маросимларимизни саҳналаштирилган ҳолда намойиш этишни режалаштирганмиз. Бу жараённи меҳмонлар нафақат томоша қилиши, балки бевосита иштирок этиши ҳам мумкин.

Шаҳрисабз шаҳрида бундай кўҳна уйлар жуда кўп, уларни чет эллик меҳмонлар учун қўнимгоҳга айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Бу ишлар аҳоли даромадини ошириш баробарида, келгусида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
30 981