ЎзА Ўзбек

03.11.2014 18:17 Чоп этиш версияси

“Улли ҳовли” сайёҳларни чорлайди

Мамлакатимизда барча соҳалар сингари сайёҳликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг барча минтақаларидан келаётган сайёҳлар узоқ ўтмишдан сўзловчи қадимий осори-атиқалар, юртимизнинг бетакрор табиати ва миллий қадриятларимизга катта қизиқиш билдирмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш тарихий обидаларни таъмирлаш, тиклаш, атрофини ободонлаштириш, туризмни ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятидаги “Улли ҳовли” қалъаси ҳам қайта тикланиб, янгидан чирой очди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 мартдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори воҳада инфратузилма, хизмат кўрсатиш ҳамда сайёҳликни янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжатга биноан амалга оширилаётган ишлар доирасида “Улли ҳовли” қалъаси замонавий сайёҳлик марказига айлантирилди.

– Марказимиз миллий ҳунармандлик, урф-одат ва анъаналаримизга оид экспонатлар билан бойитилган, – дейди “Улли ҳовли” сайёҳлик маркази раҳбари Давлатназар Ражабов. – Эндиликда сайёҳлар нафақат тарихий обидалар, балки катта Ғазовот канали соҳилида барпо этилган сўлим масканлар – ёзги ва қишки оромгоҳларда табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш, миллий таомларимиздан татиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.

Бу ерда туя, от каби уй ҳайвонлари ҳамда парранда боқиш йўлга қўйилган. Меҳмонлар тегирмонда ун ва гуруч тайёрлаш ҳамда улардан турли-туман таомлар тайёрланишига гувоҳ бўлади. Бу сайёҳлар оқимининг янада кўпайишига хизмат қилаётир.

Ўтган йили “Улли ҳовли”га мингдан зиёд чет эллик келган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич қарийб икки борабар ортиши кутилмоқда.

Марказда уюштириладиган миллий ўйинлар, кураш мусобақалари, куй-қўшиқлар меҳмонларда қизиқиш уйғотмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юртимизга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари О.Раҳимов. – Шу кунларда Боғот ва Шовот туманларидаги тарихий объектларда қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари бажарилаётир.

А.Шокиров, ЎзА
15 220