ЎзА Ўзбек

21.02.2018 17:44 Чоп этиш версияси

Туризмни ривожлантириш йўлида муҳим қадам

Туризмни ривожлантириш йўлида муҳим қадам Пойтахтимиздаги Тасвирий санъат галереясида Умумжаҳон гидлар ва экскурсия етакчилари куни доирасида “Буюк ипак йўли: чегарасиз ҳамкорлик” II халқаро гидлар форуми бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Россия, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Сербия давлатларидан туризм ва маданият соҳасидаги ташкилотлар, Бутунжаҳон туристик гидлар уюшмалари федерацияси, гидлар миллий уюшмалари вакиллари, халқаро экспертлар, гидлар ва музей экскурсияси етакчилари иштирок этмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова, Тасвирий санъат галереяси директори Ж.Темурхўжаев, "Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази" давлат унитар корхонаси директори Е.Голишева, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Д.Бадарч, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Е.Утембаев ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз туристик салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон замини қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида бутун дунё эътибори ва эътирофига сазовор бўлган. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорида кенг тарғиб этиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликлари тарғиботини янги босқичга кўтариш, юртимизга келаётган туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Гидлар – кўп қиррали касб эгалари. Ҳар қандай мамлакатга ташриф буюрган сайёҳ улар орқали ўша давлат ҳақида таассуротга эга бўлади, баҳо беради. “Буюк ипак йўли: чегарасиз ҳамкорлик” II халқаро гидлар форуми соҳада фаолият юритаётган халқаро мутахассислар, гидлар ва музей экскурсияси етакчиларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, экскурсия фаолияти ва гидлар миллий уюшмаларининг иш юритиш бўйича долзарб ва муҳим вазифаларни муҳокама қилиш, дунё ҳамжамиятида гид касбининг мавқеини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун кенг имкониятлар майдонига айланди.

5.JPG

– Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда улкан ўзгаришларга гувоҳ бўляпман, – дейди Туркия гидлар уюшмаси бошқаруви аъзоси Мустафо Ялчинкая. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасида кўплаб соҳалар қатори туризм йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олинди. Бу борадаги ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон – тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларга бой юрт сифатида улкан туристик салоҳиятга эга. Мамлакатингизда бу юксак салоҳиятни бутун дунёга намойиш этиш учун ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий жиҳатдан катта қадамлар ташланаётгани қувонарлидир. Бугунги форум ҳам Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда муҳим қадам бўлишига ишонаман.

9.JPG

– Жорий йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили, деб эълон қилинди, – дейди Қозоғистон гид-таржимонлар мактаби раҳбари, “Арман-тур” миллий сайёҳлик агентлиги директори Салтанат Абжанова. – Бу туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан бирга кўплаб тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз. Бу икки давлатнинг туризм соҳасидаги ривожида муҳим аҳамият касб этади. 2015 йили I халқаро форумда қатнашиб, Хивада малака оширдим, ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан билим ва тажриба алмашдим, бу ерда ўрганганларимни юртимда тарғиб қилдим. Бу галги форум ҳам гидларнинг профессионал кўникмасини юксалтиришга хизмат қилади, деб ишонаман.

Форум доирасида “Буюк ипак йўли: чегарасиз ҳамкорлик” халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Гидларнинг кундалик фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди. "Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази" ДУК ва Қозон федерал университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Тошкент ва Бухоро шаҳарларининг гидлари ва музей экскурсияси етакчилари учун халқаро экспертлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилади.

Байрам Айтмуродов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
22 964