ЎзА Ўзбек

25.11.2014 17:07 Чоп этиш версияси

Туризмнинг янги қирралари

Президентимиз раҳнамолигида туризмни ривожлантириш, соҳа инфратузилма ва сервис хизматини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни Тошкент вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятда янги сайёҳлик йўналишлари очиш, меҳмонларни тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари билан таништириш учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 сентябрдаги “2013-2015 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Бўстонлиқ туманидаги Ҳожикент ва Юсуфхона қишлоқларида замонавий меҳмонхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди, “Оқтош” санаторийси таъмирланди. Чимён-Чорвоқ рекреацион зонасида янги лойиҳалар амалга оширилаётир. Бу ерга келувчи меҳмонларнинг дам олиши, саёҳат қилиши учун яратилган шароитлар яхшиланмоқда. Хизмат кўрсатиш тури кўпайиб, сифати юксалаётир.

– Мамлакатингизнинг фусункор табиати, тарихий ёдгорликлари мени ҳамиша ўзига ром этиб келади, – дейди франциялик тадбиркор Клод Андре. – Шу боис юртингиз бўйлаб тез-тез саёҳат қиламан. Бу йилги кузги таътилни Бўстонлиқда ўтказдим. Таассуротларим бир олам. Келгуси йил Ўзбекистонга оила аъзоларим билан келишни ният қилиб турибман.

Воҳада агротуризмни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. Бўстонлиқ ва Чиноз туманларида балиқ маҳсулотлари кўргазмаси, “Чимён-экстрим” қишки спорт ўйини, “Чимён садоси” экологик саёҳат фестивалини анъанавий ташкил этиш режалаштирилган.

– Вилоятимиз сайёҳлик салоҳияти янги қирраларининг очилиши хорижлик меҳмонлар кўпайишини таъминлаётир, – дейди «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг Тошкент вилояти минтақавий бўлими мутахассиси Жамшид Ғозиев. – Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизга ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўн минг нафар кўп – 60 минг сайёҳ келгани фикримизни тасдиқлайди. Уларга кўрсатилган хизматлардан қарийб 27 миллиард сўм фойда кўрилди. Белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилгач, ҳудудимизга келиб-кетувчи сайёҳлар ҳам, олинадиган фойда ҳам икки ҳисса ортиши кутилмоқда.

Б.Ҳидоятов, ЎзА
9 475