ЎзА Ўзбек

28.12.2016 16:29 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар раҳбарлари, туристик объектлар масъул ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Шаропов ва бошқалар мазкур фармон туризм индустрияси ривожида янги босқични бошлаб бергани, унда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича улкан вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Тадбирда туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш, соҳанинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, ҳудудларда туризм маҳсулотлари яратиш ва уларни жаҳон бозорида тарғиб қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар кўриб чиқилди. «2017-2021 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясининг дастлабки режаси», «Ўзбекистон Республикасида туризм имкониятлари: ҳолати, таклиф ва тавсиялар, амалиётга татбиқ этиш механизмлари», «Туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик ва инвестиция» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Йиғилишда халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиётининг муваффақиятли жиҳатларидан кенг фойдаланиш, мамлакатимизда оммалашган маданий-тарихий туризм билан биргаликда сайёҳликнинг бошқа салоҳиятли турларини ҳам изчил ривожлантириш, ҳудудларда янги туризм йўналишларини ташкил этиш ва уларни паспортлаштириш, ички ва ташқи туризм бўйича миллий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш учун кадрлар малакасини ҳамда хизматлар маданиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Севара Алижонова, ЎзА
12 021