ЎзА Ўзбек

16.07.2019 16:38 Чоп этиш версияси

​Туризмни эркинлаштиришнинг сайёҳлик бозорига таъсири

​Туризмни эркинлаштиришнинг сайёҳлик бозорига таъсири

Ўзбекистон азалдан Марказий Осиё ва Европа халқлари учун савдо – сотиқ ҳамда маданият маркази бўлиб келган. Ўша даврларда ҳам ташриф буюрувчи савдо карвонлари ҳамда сайёҳлар учун мамлакатимиз туризм логистикаси вазифасини ўтаб келган. Чунки ўрта асрларда илм-фан ва маданият соҳаларида уйғониш яъни ренессанс даврини бизнинг ота – боболаримиз Имом ал Бухорий, Абу Носир ал Фаробий, Муҳаммад ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва кўплаб уламолар очиб берди, фан ва маданият ривожида том маънода тамал тошини қўйди.

Бизнинг ҳудудлар азалдан иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлганлигини савдо-сотиқ муносабатларидан ҳам кўриш мумкин бўлади. Чунки қаерда савдо ривожланади десангиз албатта ишлаб чиқариш юқори бўлган ҳудудда деб жавоб берган бўлар эди Шотландиялик иқтисодчи олим Адам Смит.

Ўзбекистон кўплаб тарихий ёдгорликлар, фан ва маданият ютуқларини ўзида жо этган давлат. Шунинг учун бизнинг мақсад ўтмишдан то ҳозирги кунга қадар шаклланиб келган қадриятларни нафақат ўзимизнинг халқимизга қолаверса дунё ҳамжамиятига ҳам етказиш керак эканлигини кўрсатмоқда. Бу амалий ишлар натижаси нафақат мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни яхшилашда қолаверса иқтисодий барқарорликни таъминлаш, пул оқимини кириб келиши, янги иш ўринларини яратиш учун стратегик имконият бўлади.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, туризм учун босқичма-босқич ҳамма шароитларни яратяпмиз, инвесторларга, ишбилармонларга кенг имкониятлар беряпмиз. 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки бу соҳанинг иқтисодий барқарорликни таъминлашдаги ҳиссаси юқори. Чунки, чет элдан келаётган ҳар бир турист ўзи билан тайёр пул олиб келади. Буни ишлаб чиқаришдан фарқли жиҳати шундаки, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини ишлаб чиқаргандан сўнг уни сотиш учун бозор излайди. Туризм дегани бу тайёр инвестиция дегани. Ушбу таклифларни амалда татбиқ этиш мақсадида 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

2019 йилни мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилиниши ушбу соҳага янада кўпроқ эркинлик ва преференциялар яратиш керак эканлиги англатади.

photo5292236991527758560.jpg

* Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди.

Агар буни биз хорижий мамлакатлар мисолида кўрадиган бўлсак 2017 йилда Францияга 90 миллион, Испания ва АҚШга 76,3 миллион, Хитойга 59,3 миллион, Италияга 53 миллион, Буюк Британияга 35,8 миллион хорижий турист ташриф буюрганлиги кўришимиз мумкин.

Ушбу 1-диаграммадаги маълумотларни таҳлил қилиш асносида шундай хулосага келиндики туристларни қабул қилувчи давлатлар рейтингида Франция етакчиликни узоқ йиллардан бери эгаллаб келмоқда. 2017 йил ҳисоби бўйича 90 миллион турист ушбу давлатга ташриф буюрди. Ташриф буюрувчи туристлар таркибини гуруҳларга ажратадиган бўлсак уларнинг аксарияти қисми ёшларни ташкил этмоқда. Бунга асосий сабаб Францияда замонавийлашган тур зоналарининг кўплиги ҳисобланади. Франция тарихийлик билан бир қаторда замонавий кўнгил очар инфраструктурани ҳам ривожлантирган саналади.

Испания билан Америка Қўшма Штатлари туристлар қабул қилувчи давлатлар таркибида бир хил кўрсаткични ушлаб турибди 76,3 миллион турист.

photo5292236991527758561.jpg

* Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди.

2018 йилда Ўзбекистонга 5,3 миллион хорижий туристлар ташриф буюрган бўлиб, улардан 4,6 миллион Марказий Осиё, 406 минг МДҲ ҳамда 326,5 минг Европа ва Америка давлатларига тўғри келади.

Ушбу 2-диаграммага асосланган ҳолда таҳлилий натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар таркибини асосий қисмини Марказий Осиёдан келган туристлар ташкил этмоқда. Бундан кўриниб турибдики, энг паст кўрсаткич Европа ва Америка Қўшма Штатларидан ташриф буюрувчи туристлар ҳисобига тўғри келмоқда. 

Бу кўрсаткичнинг қўшни давлатлар билан таққослайдиган бўлсак, юқори бўлиши мумкин. Лекин Европа давлатларига нисбатан оладиган бўлсак анча паст кўрсаткичда эканлигини кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон катта тарихий-маданий меросга – 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларга эга. Уларнинг кўпчилиги Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида жойлашган.

Юртимиздаги 200 дан зиёд тарихий ёдгорлик ва обидалар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Шунга қарамасдан ушбу соҳада ҳали қилиниши керак бўлган қатор амалий ишлар мавжуд.

Баён қилинганлардан келиб чиқиб қуйидаги таклифларни беришимиз мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

- туристларни бизнинг мамлакатга келишидан олдин уларда ушбу мамлакат тўғрисида тасаввурларни шакллантириш мақсадида тур компаниялар томонидан визуал кўриш имкониятларини яратиб берувчи роликлар ва рекламалар сонини кўпайтириш ҳамда сифатини яхшилаш бўйича амалий ишларни ривожлантириш;

- туристларга қулайликлар яратиш мақсадида, электрон ЖДС тизимини барча туркомпанияларда ва инфраструктураларда қўллаш;

- туристлар ташрифи чоғида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш, яъни аэропортда рўйхатдан ўтиш жараёнларида узоқ вақт ушланиб қолишларини олдини олиш мақсадида тезлаштирилган электрон тизимини жорий этиш;

- Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туристлар учун барча қулайликларга эга бўлган арзон меҳмонхоналарни тавсия этиш. Чунки, ташриф буюрувчиларнинг ҳаммаси ҳам беш юлдузли меҳмонхоналарда туриш имкониятига эга эмас;

- ҳожатхона инфраструктурасини яхши йўлга қўйилмаганлиги. Бу эса ташриф буюрувчи туристлар учун муаммолар келтириб чиқармоқда ва салбий таассурот ҳосил қилинишига сабаб бўлмоқда;

- интернет тезлигининг пастлиги. Бу ҳолат туристлар учун ўз видео ва расмларини қариндош ва яқинлари билан онлайн юбориш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Юқорида келтириб ўтилган таклифлар арзимаган ҳолат бўлиб кўриниши мумкин. Лекин, бизнинг мақсадимиз арзимаган кичик муаммоларни ҳам бартараф этиб, келгусида ташриф буюрувчи туристлар оқимини янада кўпайтиришдан иборат.

Бугун туристларни жалб қилиш йўналишларини янада кенгайтириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Биз энди фақат тарихий обидалар билан чекланиб қолмасдан, қишлоқ туризми, табиат туризми, шунингдек республикамизнинг барча ҳудудида юқори инфраструктураларга эга замонавий мегаполислар ташкил этмоқдамиз. Хусусан Тошкентда “TASHKENT CITY”, “OLMAZOR CITY” ва бунга ўхшаган кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу бизга ташриф буюрувчи туристларни янада ёшартириш имкониятини яратади. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, иқтисодиёт учун қўшимча пул, янги ишчи ўрни ва инвестицион оқим дегани.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки бизда имконият ва шароит етарли даражада бўлиб бундан тўғри ва унумли фойдаланиш керак. Ҳиндистон давлати туристик оқимини кучайтиришда фақат Тож Маҳал тарихий обидаси билан чекланиб қолмасдан беморлар учун оғир жарроҳлик операцияларни амалга ошириш йўлларини юқори даражада амалга ошириш орқали мамлакатига туризм йўналишларини кенгайтирмоқда.

Биз ҳам шундай давлатларнинг тажрибаларини ўзимизда қўллаш ва кенгайтиришнинг вақти келмадимикан? Чунки бизда ҳам ўз соҳасининг етук мутахассис эгалари бор. Уларни тўғри йўлга йўналтириш ҳамда улар орқали инвестицион муҳитни шакллантириш бизнинг вазифамиз ҳисобланади

Нормамат АЛЛАЁРОВ, иқтисод фанлари номзоди, доцент,
Санжар СОБИРЖОНОВ, Тошкент молия институти ўқитувчиси

ЎзА
4 760