ЎзА Ўзбек

27.04.2019 19:37 Чоп этиш версияси

Туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танлови ғолиблари аниқланди

Туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танлови ғолиблари аниқланди

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ёшларнинг бизнес ташаббусларини (стартап) қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот берилишича, танловга юборилган аризалар 2019 йил январь-апрель ойлари мобайнида икки босқичли мезонлар асосида махсус комиссия томонидан аниқланди. Унга олий маълумотга эга бўлган, олий таълим муассасасини охирги уч йил давомида битирган, хорижий тилларда сўзлаша оладиган, тадбиркорлик, музокаралар олиб бориш билимларига эга мамлакатимиз ёшлари жалб қилинди.

Танловда қатнашиш истагини билдирган юртимиз фуқаролари 2018 йил декабрь ойида танлов талаблари асосида зарурий ҳужжатлар ва бизнес лойиҳаларини (стартап) қўмитага тақдим қилди.

2019 йил январь-апрель ойлари мобайнида танлов ғолиблари икки босқичли мезонлар асосида қўмита ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат махсус комиссия аъзолари томонидан аниқланди.

photo_2019-04-27_19-34-57.jpg

Биринчи босқичда танлов иштирокчилари тақдим қилган бизнес лойиҳалар махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди. Унда бизнес лойиҳанинг туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари нуқтаи назаридан долзарблиги, иштирокчининг бозор конъюнктураси, туризм бозорининг ўзига хослиги ва республиканинг туризм мавсумини инобатга олган ҳолда хорижий туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича таклифларининг асослантирилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, лойиҳага қўйилган мақсадларга эришишнинг механизм ва воситалари, лойиҳа харажатлари сметасининг пухта ишлаб чиқилганлиги ва батафсил баён этилганлигига ҳам эътибор берилди.

Иккинчи босқичда биринчи босқич якуни бўйича саралаб олинган иштирокчилар ўз бизнес лойиҳаларини махсус комиссия олдида тақдимот қилди ва лойиҳага оид саволларга жавоб берди. Натижада, комиссия томонидан танлов мезонлари асосида 3 та иштирокчининг бизнес лойиҳаси қўллаб-қувватлаш мақсадида танлаб олинди.

photo_2019-04-27_19-35-10.jpg

Ғолибларга ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун қўмита томонидан тегишли шартлар асосида энг кам иш ҳақининг 250 (икки юз эллик) баробаригача бўлган миқдорда пул мукофотлари ажратилади.

Шунингдек, лойиҳа самарадорлигини таъминлаш мақсадида танлов ғолиблари Ўзбекистон – Япония маркази ва қўмита томонидан ташкил этиладиган туризм соҳасида бизнес юритиш ва бошқариш бўйича махсус ўқув курсларида таълим олиш имкониятига эга бўлдилар.

photo_2019-04-27_19-35-00 (2).jpg

ЎзА
6 939