ЎзА Ўзбек

15.12.2016 20:57 Чоп этиш версияси

Туризм соҳаси учун малакали кадрлар

...Эрта тонгда «Shodlik Palace» меҳмонхонасига хорижлик меҳмон кириб келди. Уни меҳмонхона ходими, Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Улуғбек Абдураҳмонов табассум билан қарши олди ва ҳужжатларини расмийлаштириб, меҳмон хоҳишига кўра хонага жойлаштирди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони буни яққол тасдиқлайди. Мазкур ҳужжат мамлакатимиз ҳудудларида сайёҳлик соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга йўналтирилган.

Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежи директори Нодир Зоҳидовнинг айтишича, 2010 йилдан буён ушбу ўқув муассасасида меҳмонхона хўжалиги ва туризм йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Айни пайтда бу ерда 972 нафар йигит-қиз билим олмоқда. Коллежда ўқувчилар нафақат назарий, балки амалий билимга ҳам эга бўлмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган махсус кафедрада сайёҳлик ва меҳмонхона хизматлари, ресторан бизнесини ташкил этиш билан боғлиқ фанлар ўқитилмоқда.

Ўқув муассасасидаги туризм ва меҳмонхона хизмати, ресторан хизмати, миллий таомлар, ошпазлар, қандолатчилар, новвойлар ва меҳмонхона лабораторияси каби олтита ўқув-ишлаб чиқариш устахонасида ўтказилаётган машғулотлар ўқувчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаб, амалий кўникмалари бойишига ёрдам бермоқда.

Коллеж ахборот-ресурс маркази ўқувчиларнинг мустақил таълим олиши ва ўз билимини оширишига ёрдам бераётир. Бу ерда ижтимоий-гуманитар, махсус ва аниқ фанлар бўйича адабиётлар, хорижий ва ўзбек ёзувчиларининг асарлари тўпланган. Марказ фонди ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги махсус адабиётлар билан мунтазам бойитилмоқда.

Инглиз тилини билиш сайёҳлик соҳаси ходимлари учун асосий талаблардан бўлгани боис коллежда инглиз тили чуқур ўргатилади.

Коллежнинг 42 ўқитувчи ва 14 ишлаб чиқариш мутахассиси раҳбарлигида ўқувчилар ўз соҳасининг барча нозик сир-асрорларидан хабардор бўлмоқда. Бу ерда ёшларга ўз соҳаси бўйича билим ва кўникмадан ташқари, сайёҳлик соҳасини тартибга соладиган миллий ва халқаро қонунчиликни ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Қонунчилик талабларини пухта билиш ва уларга қатъий риоя қилиш туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналари иш шароитларини яхшилаш имконини беради, –дейди махсус фанлар ўқитувчиси Вазира Умарова. – Менежмент, маркетинг ва туризм хизматларини ташкил этиш дарсларида соҳага оид амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Тошкент меҳмонхона хўжалиги ва сервис касб-ҳунар коллежи пойтахтимиздаги сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар ва йирик ресторанлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Бунинг самарасида ўтган ўқув йилида коллежни битирган 272 битирувчининг аксарияти тўрт томонлама шартнома имзолаганидан сўнг ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган фирма, корхона ва меҳмонхоналарда фаолият кўрсатмоқда.

– Биз меҳмонларга нафақат сифатли хизмат кўрсатишимиз, балки уларга мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, халқимизнинг бой урф-одатлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар беришимиз зарур, – дейди коллеж битирувчиси Улуғбек Абдураҳмонов. – Коллежимизда шундай билим олишимиз ва кўникмаларга эга бўлиш учун барча шароит яратилган. «Shodlik Palace» меҳмонхонасида амалиётни ўтаб бўлгач, менга шу ерда қолишимни таклиф этишди. Бундан жуда хурсандман.

Сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Роман Бондарчук, ЎзА
9 645