ЎзА Ўзбек

12.03.2019 09:40 Чоп этиш версияси

Туризм салоҳияти юксалмоқда

Туризм салоҳияти юксалмоқда

Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилиш, сайёҳлик, айниқса, ички туризмни ривожлантириш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Зеро, тарихни англаш маънавиятни юксалтириш, маданиятни ошириш, айниқса, миллат руҳида фахр туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Навоий вилоятининг Нурота тумани қадимий бой ўтмишга эга, туризм салоҳияти юксак ҳудудлардан биридир. Тумандаги Чашма зиёратгоҳи йил давомида сайёҳ ва зиёратчилар билан гавжум. Айни жиҳатлар пухта инобатга олинган ҳолда мажмуада меҳмонларга қулайлик яратиш, ҳудуднинг асл тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиши учун сайёҳларга миллийликни ўзида акс эттирган ноёб инфратузилмани яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Хусусан, бугунги кунда мажмуа атрофида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Зиёратгоҳ ёнида муҳташам музей биноси, Ҳунармандчилик маркази барпо этилди. Айни пайтда обида ёнида 50 ўринга мўлжалланган миллий меҳмонхона қад ростлади. 

– Меҳмонхонани бунёд этишда ҳудуднинг архитектура тарихи, ўзига хос меъморчилиги пухта ўрганилди, – дейди Нурота тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Ориф Охунжонов. – Шу боис, республикамизнинг турли ҳудудларидан уста-ҳунармандлар бундай нозик қурилишга жалб этилди. Қўқонлик, бухоролик қўлигул усталар меҳнатидан кенг фойдаланилди. Масканда ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратилиб, меҳмонлар учун зарур имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, бинонинг ертўла қисмида спорт зали ҳамда дам олувчи зиёратчиларга намозхона ажратилган. Биринчи қаватда имконияти чекланган сайёҳлар учун махсус хоналар мавжуд. 

Чашма мажмуаси атрофини кўркам кўринишга келтириш мақсадида атрофдаги хонадонларнинг маълум қисми бошқа, аҳоли учун қулай ҳудудларга кўчирилмоқда. Кўчирилган хонадонлар ўрнида умумий қиймати 7,8 миллиард сўмлик ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари якунланмоқда. Тиғиз ва бироз бетартиб уйлар ўрнида 2 ва 3 қаватли турар жой бинолари қурилаётир. Замонавий кўп қаватли хонадонларнинг 1-қаватида ҳунармандлик расталари ва савдо дўконлари жойлашади. Масалан, 3 қаватли уйнинг юқори қисмида уй-меҳмонхона ташкил этилиши хорижий сайёҳларнинг ўзбек оиласи турмуши, хусусан, Нурота маданияти билан янада яқинроқ танишиш, миллий таомларнинг тайёрланиш жараёнларини ўрганишига кенг имкон беради. Ўзбекларнинг меҳмон кутиш одоби нақадар бетакрор эканини дилдан ҳис этади. 

5.jpg

Жорий йилда “Чашма” мажмуаси ҳудудида қиймати 5 миллиард сўмлик 1,1 километр ички йўллар тўлиқ таъмирланиб, 13 та замонавий тунги ёриткичлар ҳамда 0,7 километр сув лотоклари ўрнатилди. Обида ҳудудидаги “Саидато”, “Домалла” масжидлари 187 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланган бўлса, “Чилустун” ва “Панжвақта” масжидларида 1,8 миллиард сўмлик таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда мажмуа ҳудудидаги “Шайх абул Ҳасан Нурий” мақбарасида 327 миллион сўмлик тўлиқ қайта таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. 

Туманда бугунги кунда туризм билан шуғулланувчи 10 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар туристик хизматлар кўрсатиб келмоқда. 

Вилоятнинг Навбаҳор туманида жойлашган “Сармишсой” дарасида сайёҳлар учун жорий йилда 40 та уй-жой қурилди. 

“Муҳаббат боғи” масъулияти чеклаган жамияти ташаббуси билан барпо этилган янги дам олиш маскани эса бир вақтнинг ўзида 200 сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга. Энг муҳими, янги объектнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 40 киши доимий иш билан таъминланди. 

“Сармишсой” ҳудудида қулай сайёҳлик имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ҳудудда 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 36 километрлик электр энергияси тармоғи тортилиши режалаштирилган. Айни пайтда “Учтут Жавоҳир тошлари” масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда барча қулайликларга эга дам олиш маскани ташкил этилаётир. Янги объектларни электр таъминотига улаш учун 245 дона таянч, 36 километр ўтказгич ва 1 дона трансформатор ўрнатиш лозим. Бунинг учун эса 1 миллиард сўм маблағ талаб этилади. 

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мазкур масала муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан талаб этиладиган маблағни вилоят маҳаллий бюджетидан ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Бугунги кунда мазкур қарор ижроси юзасидан масъул ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 017