ЎзА Ўзбек

24.02.2017 17:58 Чоп этиш версияси

Туризм ривожида миллий қадриятларимизнинг ўрни

Жиззах вилоятининг Фориш тумани ўлкашунослик музейида “Чавандозлик удумлари ва туризм” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Жиззах вилояти вакиллиги ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туроператорлар, маданият муассасалари ва меҳмонхоналар ходимлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, хорижлик меҳмонлар, журналистлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони туризм соҳасини янада ривожлантириш, туризмнинг жойларда аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Жиззах вилоятида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зомин, Фориш туманларидаги давлат қўриқхоналари ва миллий боғлар, Айдар-Арнасой кўллари акваториясида наботот ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турлари мавжуд. Халқимизнинг кўп асрлик ўзига хос удум ва анъаналари, халқ ўйинлари миллий маданиятимиз дурдоналари сифатида ривожланаётир.

Семинарда тоғли қишлоқларда кенг тарқалган, байрам ва тўйларнинг асосий томошаси бўлган улоқ-кўпкари мусобақаларининг ёшларни жисмоний чиниқтириш, мардлик, жасорат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти тўғрисида фикр алмашилди. Сайёҳларни тарихий, меъморий, маданий, табиий ёдгорликлар билан бирга, этнографик объектлар, миллий урф-одат ва анъаналар ҳам қизиқтираётгани таъкидланди.

– Наврўз байрами ва тўйларда ўтказилаётган улоқ-кўпкари ўйинларини хорижлик сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилмоқда, – дейди Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси, таниқли фольклоршунос олим Раҳматулла Саримсоқов. – Бу халқ ўйини миллий қадриятларимизнинг ўзига хос ифодасидир. Мазкур семинар ана шу миллий ўйиндан туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш масаласига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Тадбирда йилқичиликни, улоқ-кўпкари ўйинларини янада такомиллаштириш, уни туризмни ривожлантириш омилига айлантириш юзасидан билдирилган фикрлар, таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди. Ҳар йили Наврўз байрами сайилларида ўтказиладиган улоқ-кўпкари мусобақаларида “Энг моҳир чавандоз”, “Энг зотдор от эгаси”, “Энг ёш чавандоз” сингари номинациялар бўйича ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш юзасидан фикр алмашилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
11 721