ЎзА Ўзбек

30.06.2017 21:51 Чоп этиш версияси

Туризм ривожи йўлида

Туризм ривожи йўлида Қорақалпоғистонлик журналистларнинг навбатдаги медиа- саёҳати туризм ва экотуризмни ривожлантиришга бағишланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган медиатур Оролбўйи минтақасидаги диққатга сазовор тарихий жойларни тарғиб қилиш, ушбу ҳудудга хорижий сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган медиатур сафари қадимий Шилпиқ қўрғонидан бошланди. Аждодларимиз томонидан бунёд этилган қадимий ёдгорликни зиёрат қилган журналистлар Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида ҳам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги қарорига мувофиқ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси, Қўриқхоналар, миллий табиий боғлар ва овчилик хўжаликлари бошқармаси ҳузурида қайта ташкил этилган бу масканга Беруний ва Амударё туманлари ҳудудидан 68 минг 717,8 гектар майдон ажратилган. Унинг 11 минг 568 гектари қўриқхона зонаси, 6 минг 731 гектари буфер зона ва 50 минг 418 гектари ўрта зона ҳисобланади.

Биосфера резерватида бугунги кунда 826 бош Бухоро буғуси, сув ҳавзасида эса 43 турдаги балиқ мавжуд. Судралиб юрувчиларнинг 11 тури, шунингдек, тулки, шақол каби ўнлаб ҳайвон турлари учрайди. Бу ерда экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 6 йўналишда саёҳат ташкил этилган.

Медиа-саёҳат иштирокчилари Элликқалъа тумани Навоий овулидаги “Бўстон страус” фермер хўжалигида парваришланаётган туяқушларни бориб кўрди.

– Африка қитъасида яшовчи бу ноёб жониворлар бизнинг иқлим шароитимизга тез мослашди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ҳамдам Саидабдуллаев. – Бир йил олдин 5 туяқуш келтирилган эди. Мутахассиларнинг фикрича, бу қушнинг гўшти, ёғи ва тухуми ғоят шифобахш. Туяқуш 2 ёшга тўлганда тухум қўяди. Тухумининг оғирлиги 3-4 килограмм тош босади.

Туман марказидаги Амир Темур номидаги Ботаника боғида дунёнинг турли минтақаларида ўсадиган 200 тупдан зиёд дарахт, 200 тупга яқин бута ва 80 дан ортиқ турфа гуллар парваришланади. Медиатур иштирокчилари боғда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Қадимий ёдгорлик – Аёзқалъа меъморий мажмуасини зиёрат қилди. “Аёзқалъа-Тур” сайёҳлик фирмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар медиатур иштирокчиларида катта тассурот қолдирди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
13 453