ЎзА Ўзбек

28.03.2017 18:15 Чоп этиш версияси

Туризм: хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда

Мамлакатимизда туризм индустриясини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда бу алоҳида таъкидланди. Туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ҳудудларда янги туризм маҳсулотлари яратиш ва уни жаҳон бозорида тарғиб қилишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Соҳа ривожида халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, ҳудудларда янги туризм йўналишлари ташкил этиш ва уларни паспортлаштириш, ички ва ташқи туризм бўйича миллий ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

–Туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришда меҳмонхона бизнеси муҳим ўрин тутади, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Ж.Шомуродов. – Бугун вилоятда 50 дан ортиқ меҳмонхона бор. Улар асосан Урганч ва Хива шаҳарларида жойлашган. Мамлакатимизда тадбиркорлик, жумладан, туризм соҳасини янада ривожлантиришга оид муҳим ҳужжатлар қабул қилинаётгани соҳа вакилларининг самарали фаолият юритиши учун янги имкониятлар яратмоқда. Энди ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиш, мавжуд меҳмонхоналар фаолияти ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, катта замонавий мехмонхоналар ва оилавий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи кичик мотеллар ташкил этиш орқали соҳадаги рақобатни янада кучайтириш лозим.

Тадбирда кўҳна Хоразм воҳасида туризм имкониятлари, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
11 265