Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 14:47 Чоп этиш версияси

Туризм: Фарғонада 40 дан ортиқ лойиҳа, 10 меҳмонхона қурилишига 26 миллиард 910 миллион сўм маблағ жалб этилади

Фарғона вилоятида туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишлари очиш ва туризм ҳудуди ташкил этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини юксалтириш, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда Президентимиз томонидан мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Фарғона вилояти ўзининг бетакрор табиати, тарихий обидалари, табаррук қадамжолари билан сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Хусусан, вилоят маркази, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани узоқ-яқиндан келган сайёҳлар билан доимо гавжум. Вилоятда янги сайёҳлик йўналишлари очиш, меҳмонларни тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари билан таништириш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туристик ресурслардан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 30 га яқин замонавий меҳмонхонанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, юқори сифатли хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда.

Вилоятда туризм соҳасида гастрономик, экологик ва агротуризм турларини шакллантириш ва ушбу йўналишлар бўйича аниқ туристик объектлар, транспорт-логистикаси тизими ишлаб чиқилган. Унга кўра, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бир неча “Ош маркази” ташкил этилди.

“Бобурнома” асарида Марғилонга ўзига хос таъриф берилган. Шаҳарнинг ободлиги, ширин мевалари, “донаи калон” деб аталувчи анори, “субҳоний” ўриги мақталади. Шаҳарнинг шойи матолари Миср, Эрон, Юнонистон ва Қошғар савдогарлари томонидан кўп харид қилиниши таъкидланади.

Бугунги кунда Марғилон атласларини дунёнинг деярли барча йирик музейларида учратиш мумкин. Марғилон матосининг жилоси энг ривожланган давлатларда ҳам ҳайрат ва ҳавас уйғотмоқда.

Қўқон шаҳри, Риштон туманининг ўзига хос муҳити, асори-атиқалари жам бўлган музейлари ҳам сайёҳлар билан гавжум. Хонлик синоатини бағрида яширган, кулолчилик ишлари ноёб, бетакрор нақшлари билан кўзларни қамаштирган ҳар икки гўшанинг ўз ҳавасмандлари бор. Ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, соҳада сулолавий устахоналар ташкил этиш ва уларга шароит яратиш борасидаги истиқболли лойиҳалар бу масканларнинг туризм марказига айланишига замин яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2017-2019 йилларда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатни янада ривожлантириш кўзда тутилган комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Марғилон шаҳрида атлас, адрас тўқимачилиги, читгарлик, ёғоч ўймакорлиги, косибчилик ва ипакдан гилам тўқиш ишларига эътибор янада кучайтирилди. Қўқон шаҳрида ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, заргарлик, кандакорлик, темирчиликни, Риштон туманида кулолчилик, чинни маҳсулотлари, мусаввирликни оммалаштириш ва сайёҳларни жалб қилишга қаратилган тадбирлар белгиланди.

Дастурга кўра, туризм марказлари барпо этилиб, уларга ёғочсозлик ва ёғоч ўймакорлиги, тўнчилик, мисгарлик, темирчилик сингари ҳунарлар билан шуғулланиб қелаётган сулолалар жалб қилинади. Туристлар учун карвонсаройлар (меҳмонхона), ошхона ва бошқа кўнгилочар жойлар ташкил этилади. Қадимги шарқ бозори услубида қурилган бозор расталари, фойтун ва арава қатнови йўлга қўйилиши ҳам миллий анъаналарнинг ёрқин тимсолига айланади.

Чора-тадбирлар дастурига асосан 2017-2019 йилларда амалга ошириладиган 40 дан ортиқ лойиҳа, 10 меҳмонхона қурилишига 26 миллиард 910 миллион сўм маблағ жалб этилади.

Айни кунларда Марғилон шаҳридаги “Silk Tkat and Carpet” масъулияти чекланган жамиятида ипак гилам ишлаб чиқариш, янги “Олтин водий дурдоналари” туристик йўналишини ташкил этиш, Марғилон шаҳрида ҳунармандликнинг йўқолиб бораётган йўналиши –читгарликни қайта тиклаш борасида ишлар бошлаб юборилди. Марғилон шаҳри Хиёбон кўчасида “Карвонсарой – ҳунармандлар маркази”, Қўқон шаҳар “Жомеъ” тарихий ёдгорлиги масжидида “Қўқон адабий, бадиий, маънавий-маърифий муҳити маркази”, “Фарғона – Марғилон мақом маркази”ни ташкил этиш, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қуриш ишлари бажарилади. Қўқон шаҳридаги “Дастурхончи” мадрасасида тикувчилик йўналишида, шунингдек, новдадан буюм тўқувчи ҳунармандлар фаолияти йўлга қўйилади.

– Миллий ҳунармандлик намуналари, анъаналаримиз юксалиши вилоятимизга келаётган сайёҳлар оқимининг икки баробар ошишини таъминлайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи М.Темиров. – Соҳани ривожлантириш учун, аввало, ҳунармандлар тўғрисидаги маълумотлар, устахоналар ва савдо дўконлари жойлашуви, маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш бўйича тайёрланган реклама роликларини веб-сайтларга жойлаштириш, маҳсулотларни электрон савдо орқали сотиш, экспорт қилиш учун имкониятлар яратадиган махсус интернет портал ташкил қилишга алоҳида аҳамият қаратилди. Фарғона турмуш тарзи, қадриятлари, табиатини ўзида ифода этган ташкилотимизнинг миллий бренди яратилди.

Бугунги кунда ҳунармандлар орасида ўз фаолиятига янгича мазмун, тадбиркорлик муҳити олиб киришга қизиқиш ортди. Риштон туманида фаолият кўрсатаётган машҳур кулоллар Саид Аҳмедов, Рустам Усмонов, Алишер Назиров, Тоҳир Ҳайдаров кабилар томонидан уй-музейлар ташкил этилиши сайёҳлар қизиқишини оширди. Кулолчилик намуналарининг мингдан ортиқ тури, ҳунармандлик тарихи ҳақида маълумот берадиган муҳит, музейнинг миллий услубда қурилиши ва безатилиши Риштоннинг ўзига хос жиҳатига айланди.

Мухтасар айтганда, миллий ҳунармандлигимизни тарғиб этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш вилоятда туризм салоҳияти ривожига хизмат қилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 250






Все о погоде - Pogoda.uz