Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

31.08.2018 02:14 Чоп этиш версияси

Тошкентда туризм соҳасида биринчи халқаро инвестицион форум ўтказилади

Тошкентда туризм соҳасида биринчи халқаро инвестицион форум ўтказилади
Туризм соҳасида биринчи Халқаро инвестицион форум 19-21 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди. Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” павильонлари музокаралар майдони бўлади. Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари тадбирга қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Тадбир доирасида ҳудудларнинг туризм бўйича инвестицион салоҳияти акс этган тақдимотлар, жойларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишув, халқаро ташкилотлар ва хорижий инвесторлар билан маҳаллий ҳокимликлар ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган икки томонлама музокаралар ташкил этилиши ҳамда ўнлаб шартномалар имзоланиши назарда тутилган.

Анжуман иштирокчилари “Чорвоқ” эркин туристик зонаси, “Samarkand city” ва “Қадимий Бухоро” туризм зоналари, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги кичик сайёҳлик ҳудудлари билан яқиндан танишишади.

Форумда юртимиз ишбилармонлари билан бир қаторда халқаро молия институтлари вакиллари, салоҳиятли хорижий инвесторлар, йирик сайёҳлик компаниялари, соҳада фаолият олиб борувчи етакчи экспертлар ва мутахассисларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси яқин уч йилда сайёҳлар сонини икки баравар оширишни мақсад қилган.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон 2017 йили икки ярим миллиондан зиёд сайёҳни қабул қилган, бу олдинги йилга қараганда 25 фоиз кўп. Жорий йилда эса бу кўрсаткични янада ошиши кутилмоқда. 

Н. Тошпўлатова, ЎзА