ЎзА Ўзбек

21.06.2019 15:57 Чоп этиш версияси

Тошкент вилоятида ҳам “Туризм қишлоғи” пайдо бўлади

Тошкент вилоятида ҳам “Туризм қишлоғи” пайдо бўлади

Истиқболли туристик минтақа ҳисобланган Паркент туманидаги Кумушкон, Заркент, Сўқоқ ҳудудлари мамлакатимиз туризм бозорида ўзининг алоҳида ўрнига эга. Уларни ривожлантириш, туристлар оқимини янада кўпайтириш хизматлар ҳажми ва даромадларни оширишга хизмат қилади.

Шу мақсадда Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Туризмни ривожлантириш департаменти вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Кумушкон ҳудудини ўрганиб чиқди. Тадбир давомида хонадонларнинг санитар-гигиеник ҳолати кузатилди, тиббий кўрик ўтказилди, уйма-уй юриб, туристларга хизмат кўрсатишни ташкил қилиш бўйича тавсиялар берилди. Туризм объектлари барпо қилиш бўйича 10 дан ортиқ инвестор билан музокара ўтказилди.

Кумушкон қишлоғини “Туризм қишлоғи”га айлантириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

photo5210763527801908035.jpg

– Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш борасида амалий ишларга ўтиш кераклиги таъкидланди, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Оққулов. – Шундан келиб чиққан ҳолда, Тошкент вилояти ҳокимлиги Паркент туманида “Кумушкон туризм қишлоғи”ни ташкил қилиш таклифини илгари сурди ва лойиҳага старт берилди. Кумушкон қишлоғи илк намунавий лойиҳа бўлади. Ишлаб чиқилган концепцияга кўра, бу ерда туризм қишлоғи ташкил этиш учун зарур бўлган 7 мезоннинг барчаси мавжуд.

Қайд қилинганидек, аҳолини туристларга хизматлар кўрсатишга кенг жалб этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун қатор халқаро молия институтларининг грантлари асосида ўқув курслари ташкил қилинади.

Маълумки, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида мамлакат бўйлаб меҳмон уйлари ташкил этилаяпти. Туризм қишлоғи ташкил этилиши муносабати билан Кумушконда бу масалага алоҳида эътибор қаратилади.

photo5211198230031870689.jpg

Мутасаддилар билан учрашувларда туризм бўйича ахборот маркази очиш, маҳаллий аҳоли орасидан йўлбошловчилар тайёрлаш ва туристлар учун алоҳида селфи ҳудудлари ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, дунёда 30 мингдан ортиқ туристик қишлоқ мавжуд.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 950