ЎзА Ўзбек

29.04.2019 11:22 Чоп этиш версияси

Тоғлардаги қор арабистонлик сайёҳларни чорламоқда

Тоғлардаги қор арабистонлик сайёҳларни чорламоқда

БААнинг “Flydubai” компанияси вакиллари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бўлиб, саёҳат давомида ажойиб таассуротларга эга бўлишди. Уларга айниқса, Чимён, Билдирсой, Чорвоқ ҳудудлари манзур бўлди. 

Туманнинг тоғ ва тоғ олди дам олиш масканлари қиш фаслида экстремал ва тоғ чанғи туризми учун қулай бўлса, ёзнинг иссиқ кунларида ўзининг салқин ва баҳаво тоғ ҳавоси билан меҳмонларни ўзига чорлайди. 

Айниқса, тоғдаги қор арабистонлик сайёҳлар учун катта қизиқишга сабаб бўлувчи омиллардан биридир.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 мартидан бошлаб, Бирлашган Араб амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинди. 

Бундай қулайлик ишбилармонлик алоқалари, сайёҳлик борасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. 

photo5339366745703557728.jpg

Хабарингиз бўлса, жорий йилнинг мартидан бошлаб “Fly Dubai” авиакомпанияси "Дубай - Тошкент - Дубай" йўналишида мунтазам рейсларни йўлга қўйди. 

Ҳозирда мазкур авиарейслар сони ҳафтасига беш марта бўлса, 31 майдан эса бу йўналишидаги авиапарвозларни ҳар куни амалга ошириш режалаштирилган. 

Авваллари ҳам икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилган эди. Мисол учун, 1992 йил февралдан буён “Ўзбекистон ҳаво йўллари” "Тошкент - Шаржа - Тошкент", 2008 йил мартидан "Тошкент - Дубай - Тошкент" йўналишлари бўйича рейсларни амалга ошириб келмоқда.

Келгусида халқаро миқёсда келувчи сайёҳлар оқими ошишини ҳисобга олган вилоят раҳбарлари жорий йилда икки юзга яқин меҳмонхоналар фойдаланишга топширилишини айтишмоқда.

ЎзА
2 818