ЎзА Ўзбек

06.10.2014 17:03 Чоп этиш версияси

Тинчлик ҳукмрон мамлакатда туризм ҳам ривожланади

Тинчлик ҳукмрон мамлакатда туризм ҳам ривожланади

“Ўзэкспомарказ”да 6 октябрь куни “Ипак йўлидаги туризм” XX Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) кўмагида ташкил этилган мазкур форумнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори Шахзонг Зу ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида сайёҳлик соҳасини изчил тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самарасини бераётганини алоҳида таъкидлади. 

36C.jpg 

Мамлакатимиз сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида туризм саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимизнинг фусункор табиати, бой тарихи ва маданияти, бетакрор қадрияту анъаналари ҳамда муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ва серфайз гўшалари жаҳон сайёҳларини тобора ўзига ром этмоқда. Мамлакатимизда қарор топган мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳити, жаҳонга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. Бу Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сафининг муттасил кенгайиши, ички туризмнинг ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий обидалари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш мақсадида янги-янги замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, аэропортлар ва транспорт коммуникациялари барпо этилмоқда, янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилмоқда, сервис хизмати тубдан яхшиланаётир. 

18c (1).jpg 

Сайёҳлик борасидаги улкан салоҳиятни чет элларда оммалаштириш, юртимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида мамлакатимиз сайёҳлик ташкилотлари йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаларида мунтазам иштирок этмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёҳликни ривожлантиришга доир манзилли дастурлар, экотуризм, альпинизм, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, off-road саёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, геотуризм, маданий-маърифий туризм каби янги сайёҳлик дастурлари амалга оширилмоқда.

Сайёҳлик соҳасининг ҳуқуқий асослари ҳам изчил такомиллаштириб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро сайёҳлик бозорларига фаол киритишга хизмат қилаётир.

Мамлакатимизда халқаро туризм билан бир қаторда ички туризмни ҳам изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ички туризм иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир. Шу боис мамлакатимизда ҳудудларнинг сайёҳлик имкониятларини ошириш ва тарғиб этиш, курортлар ҳамда сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, тарихий-археологик боғлар барпо этиш, қишлоқ жойларда туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, автомагистрал йўллар, сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юртдошларимизнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиши учун қулай шароит яратиш имконини бермоқда.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш, юртимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитиш соҳа ходимларидан юксак билим ва малака талаб этади. Шу мақсадда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги туризм коллежларида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш ушбу тармоқ ривожига мутаносиб равишда такомиллашиб бораётгани самарасида хизмат кўрсатиш сифати ошиб, мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, обрў-эътибори янада юксалмоқда

Ўзбекистон билан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги алоқалар изчил тараққий этаётир. Мамлакатимиз ушбу ташкилотга 1993 йили аъзо бўлган. 2004 йилдан буён Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 1-3 октябрь кунлари Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси муваффақиятли ўтказилгани Ўзбекистон билан мазкур халқаро ташкилот ўртасидаги фаол ҳамкорлик юксак суръатларда ривожланиб бораётганидан далолат беради. Сессиянинг очилиш маросимида Президентимиз нутқ сўзлагани мамлакатимизда туризм ривожига нақадар юксак эътибор қаратилаётганининг амалий тасдиғи бўлди. Ўттиздан ортиқ мамлакат делегациялари иштирок этган ушбу мажлисда халқаро туризмни янада ривожлантириш ҳамда «Буюк ипак йўли» брендини кенг жорий этишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Мазкур сессиянинг айнан юртимизда ўтказилгани Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалиб бораётганининг яққол тасдиғи ва мамлакатимиз улкан сайёҳлик салоҳиятининг яна бир эътирофидир.

Ўзбекистонда ЮНВТО билан ҳамкорликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар мунтазам ташкил қилинмоқда. 1994 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси шулар жумласидандир. Ўтган давр мобайнида ушбу ярмарка Марказий Осиёнинг туризм соҳасидаги йирик форумига айланди.

Мазкур ярмарка жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг сайёҳлик борасидаги улкан салоҳияти билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, юртимизда сайёҳлик бизнесини изчил ривожлантиришга хизмат қилаётир.

Жаҳонда барча турдаги сайёҳлик хизмати кўрсатадиган компанияларни бирлаштирадиган мазкур ихтисослаштирилган кўргазма мамлакатимиз ва чет эл сайёҳлик бизнеси мутахассислари учун мўлжалланган. Бу йил ярмаркада Жанубий Корея, Испания, Австрия, Швейцария, Ҳиндистон, Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Сингапур, Венгрия, Чехия, Руминия, Латвия, Польша, Индонезия, Эрон, Туркия каби дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан кўплаб фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.

– Ўзбекистоннинг сайёҳлик бозори биз учун ғоят истиқболли. Мамлакатингиз сайёҳлик салоҳияти изчил юксалиб бораётир, – дейди Бирлашган Араб Амирликлари «Alpha Tours» компанияси бошқарувчи директори Аднан Ариди. – Ўзбекистондаги тинч ва осуда, фаровон ҳаёт сайёҳларнинг бу юртга саёҳат қилишга бўлган иштиёқини оширмоқда. Юртингизда сайёҳликни жадал тараққий эттириш учун барча омиллар мавжуд. Биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдормиз.

Бу гал «Туризм ва санъатнинг ипак боғлами» шиори остида ўтказилаётган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси сайёҳлик саноатининг замонавий йўналишларини қамраб олган. Унда сайёҳлик бозорининг барча тузилмалари – туроператорлар, турагентлар, йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, авиаташувчилар, глобал буюртма тизимлари, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари, соҳага оид замонавий технологиялар таклиф этилмоқда. Ярмаркада бизнес, экологик, спорт ва маърифий саёҳат, экскурсия, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соҳага доир кўчмас мулк ва суғурта, соғломлаштириш каби йўналишларга оид бўлимлар иш олиб бормоқда.

– Ўзбекистоннинг изчил тараққиёти, хушманзара ва фусункор табиати, дўстона муҳит, ўзбекона меҳмондўстлик каби кўплаб омиллар барчага бирдек манзур бўлиши шубҳасиз, – дейди Сингапурнинг «Apple World» компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Зу Цяо Лин. – Юртингиздаги кўп асрлик тарихий обидалар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётганига лол қолдим. Компаниямиз Ўзбекистон билан Сингапур ўртасида сайёҳлик алмашувини йўлга қўйиш ниятида. Бунинг учун ҳар икки мамлакатда ҳам улкан салоҳият мавжуд. Яқинда Сингапур билан Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани сайёҳлик борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Ярмаркадан ўрин олган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат миллий павильони”да мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ўнлаб сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Экспозициядан Ўзбекистоннинг ҳудудий маъмуриятлари ва сайёҳлик компаниялари билан бир қаторда ўқув ва соғломлаштириш марказлари, театрлар, музейлар, сайёҳлик агентликлари, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ҳудудий бўлимлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ҳам ўрин олган.

Хорижнинг нуфузли халқаро сайёҳлик фирмалари, миллий сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва ресторанлар каби кўплаб ташкилотлар вакиллари мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва таклиф этилаётган хизматлар, мафтункор табиат, тарихий обидаларимиз ва халқимизнинг ноёб қадриятлари акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари, фотоэкспозициялар, экотуризм ва спорт туризми, авиатранспорт, меҳмонхона, суғурта ва банк хизматлари, миллий ва ҳудудий сайёҳлик ташкилотлари, сайёҳлик операторлари ва агентлари фаолиятига оид кўплаб маълумот ва адабиётлар билан танишиш имкониятига эга. “Туризм соҳасида ахборот технологиялари”, “Меҳмонхона ва жойлашиш объектлари”, “Транспорт хизматлари”, “Суғурта хизматлари”, “Гастрономик туризм” бўлимлари ишлаб турибди. Ўзбекистон санаторий ва шифохоналари эса алоҳида стендда тақдим этилган.

Миллий павильонда ярмаркага келувчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти билан танишиши мумкин. Ярмарка доирасида ташкил этилган “Миллий таомлар фестивали”, “Шарқ бозори” экспозицияларида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари ҳамда саховатли заминимизда етиштирилган сархил мева ва сабзавотлар билан танишиш, миллий пазандалигимизга оид маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган. “Ҳунармандлар шаҳарчаси” бўлимида намойиш этилаётган миллий ҳунармандлик намуналари анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Компаниямиз Сурхондарёнинг гўзал масканларига саёҳат уюштириш билан шуғулланади, – дейди “Surkhantourism” масъулияти чекланган жамияти директори Зафар Намозов. – Термиз-Денов, Термиз-Бойсун ва Термиз-Музработ йўналишлари бўйлаб қизиқарли саёҳатлар уюштирилмоқда. Улар орқали меҳмонлар пурвиқор тоғлар табиати, Сурхондарёнинг ўзига хос маданий меросидан баҳраманд бўлмоқда. Сариосиё туманидаги Сангардак шаршараси, Шеробод туманидаги Зараутсой ғори йўналишларида экотуризм ривожланмоқда. Йил сайин сайёҳлик турларимизни янада бойитиб, жуда мазмунли ва қизиқарли экскурсия дастурларини ишлаб чиқяпмиз. Сурхондарёда нафақат халқаро туризм, балки ички туризм ҳам жадал ривожланмоқда.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси экспозицияси стендларининг махсус бўлими таълим туризмига бағишланган. Унда мамлакатимизнинг ушбу соҳада кадрлар тайёрлаётган олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув муассасалари – Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, пойтахтимиздаги касб-ҳунар коллежлари, “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ўқув маркази тақдим этилган.

Ўзбекистонлик ва хорижлик санъаткорлар томонидан намойиш этилаётган концерт дастурлари, ўзбек миллий либослари тақдимоти меҳмонларга манзур бўлмоқда.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар бўлиб ўтади.

Ушбу ярмарка бу гал ҳам жаҳон сайёҳлик бизнеси вакилларига соҳа юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, долзарб сайёҳлик муаммоларини муҳокама қилиш, янги лойиҳаларни намойиш этиш имконини беради. Тадбир доирасида мамлакатимизга сайёҳларни янада кенгроқ жалб қилиш борасида хорижий ҳамкорлар ва мутахассислар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, ҳамкорликка оид қатор битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ирода Умарова, Асқар Ёқубов (сурат), ЎзА
21 237