ЎзА Ўзбек

28.01.2018 13:11 Чоп этиш версияси

Татаристон – қайта кашф этилаётган диёр

Татаристон – қайта кашф этилаётган диёр
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан Татаристон Республикаси Туризм бўйича давлат қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари Татаристонда бўлиб турибди.

Мазкур ташриф жараёнида журналистлар куни қадимий Қозон шаҳрининг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари мисолида татар халқи тарихи, маданияти ва урф-одатлари билан танишди. 

Қозон шаҳри номи қандай келиб чиққан?

Шаҳар бўйлаб сафаримиз аввалида барчани қизиқтирган савол хаёлимизда чарх урарди: “Қозон атамаси уй-рўзғор буюми номидан келиб чиққанми?” 

Афсоналарда кўчманчи халқларнинг ҳокимият рамзи сифатида қозон тилга олинади. Ўчоқ ёқиб, қозон илинган ер эса қабиланинг қўним топиши мумкин бўлган жой ҳисобланган. Кунлардан бир кун Суюнбек хоннинг хизматкорларидан бири эътиборсизлик ортидан ҳокимият рамзи бўлмиш олтин қозонни дарёга тушириб юборади. Ҳар қанча уринишмасин ҳокимият рамзини дарёдан топишнинг имкони бўлмайди ва хон шу ерни ватан тутиб, шаҳар қуришга қарор қилади. Шу тариқа Қозон дарёси ва шаҳар номи пайдо бўлади. 

Қозоннинг ҳам ўз Кремли ва “Пиза”си бор

Кремль ҳақида сўз кетганда кўз олдимизга Москва шаҳридаги меъморий мажмуа гавдаланиши табиий. Аммо Қозон шаҳрининг ҳам ўз Кремли бор ва у Москвадаги Кремлдан бир муддат олдинриқ қурилгани тарихчилар томонидан қайд этилади. Кремль атамасининг айнан татар тилидаги “Кирмән” сўзидан (қалъа деган маънони англатади) келиб чиққани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Кремль Қозоннинг энг қадимий қисми бўлиб, шаҳарнинг кўп асрлик тарихини акс эттирувчи меъморий, тарихий ва археологик ёдгорликлар мажуидир. XVI-XVII асрларда қалъа ичида 13 та минора бўлган. Айни пайтда улардан саккизтаси сақланиб қолган. Халқ орасида Қозон шаҳри Пизаси сифатида оммалашган миноралардан бири малика Суюнбека номи билан аталади. Етти қисмдан таркиб топган ушбу иншоотнинг дастлабки уч қавати тўғри тўртбурчак, қолган қаватлари саккиз қиррали шаклда бунёд этилган. Италиядаги Пиза минораси сингари қия ҳолда экани унинг ўзига хослигини таъминлайди. Оғиш масофаси юқоридан минора асосигача олинганда қарийб 2 метрни ташкил этади. 

Сайёҳлар мозийга саёҳат қилади

Татаристон Миллий музейига саёҳатимиз бизни татар халқи ўтмиши, бугуни билан яқиндан танишиш имконини берди. Хусусан, музейда тарих, маданият, миллий санъат, ҳайвонот ва наботот оламига оид 900 мингдан зиёд ноёб экспонатлар мавжуд. Эътиборимизни тортган жиҳат – музей ҳовлисидаги саҳна бўлди. У ерда сайёҳлар учун тарих узра “жонли” саёҳат қилиш имкони берилади. Яъни музейда вақти-вақти билан Татаристоннинг турли тарихи саҳналаштирилади ва туристлар унда иштирок этиб, ўша давр қаҳрамони қиёфасини гавдалантиради, барчаси жонли кечаётгандек таассурот қолдиради. Айни шу жиҳат Татаристонга кўплаб меҳмонларни жалб қилиш, ички туризмни оммалаштириш, хусусан, ёшлар ўртасида маданий объектлар бўйлаб саёҳатни кенг йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. Бу каби ижобий тажрибани юртимизда ҳам оммалаштириш фойдадан холи бўлмасди. 

Ўзбек ва татар халқлари ўртасидаги яқинликни ҳар қадамда ҳис этиш мумкин. Жумладан, Татаристон Миллий музейида ҳам. Шу кунлари бу ерда файласуф, тарихчи, археолог, шарқшунос Шиҳабетдин Мержани таваллудининг 200 йиллигига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда. Унинг Ўзбекистон билан қандай алоқаси бор, деб ўйлаётгандирсиз? Гап шундаки, таниқли татар фарзанди Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида таҳсил олган. Маданий ва руҳий яқинликда умр кечирган. Ҳа, ота-боболаримиз асрлар давомида ана шундай оға-ини тутуниб ҳаёт кечиришган. 

“Чак-чак” ширинлиги шарафига очилган музей

Барчамиз севиб истеъмол қиладиган “чак-чак” ширинлиги аслида татар халқи миллий қандолатчилик маҳсулоти эканини биласизми? Ўтмишда “чак-чак” пишириш ўзига хос маросим бўлиб, қизларнинг рўзғор тутиши шу асосда баҳоланган, оналар ўз ўғлига шу зайл келин танлаган. Татаристонда бугун ушбу тансиқ ширинлик шарафига музей ташкил этилган. Бир қарашда ўтган асрнинг 30-40 йилларини эслатадиган уй-музейда сизни татар хонадони кутиб олади. Ширинлик тарихи ҳақида маълумот бериб, бир дастурхон атрофида “чак-чак”дан татиб кўришга таклиф этади. Бундай мароқли тур барчага бирдек хуш ёқади. Агар сайёҳларга ўзбек хонадони, анъаналари, урф-одат ва миллий таомлари билан шу тариқа таниши имкони яратилса борми, киноларда айтилганидек сайёҳлар “Мафтун бўлади-қолади”. 

Қозон шаҳри.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
12 866