ЎзА Ўзбек

29.08.2019 Чоп этиш версияси

Танловнинг 3 нафар ғолиби Хитойга саёҳат қилади


“Сиз Хитойни биласизми?” танловининг уч нафар ғолиби Хитойга бепул саёҳат қилади. Фарғонада бўлиб ўтган мазкур танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида бу ҳақда маълум қилинди.

Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ўзаро ҳурмат, тенглик, дўстлик ва манфаатдорлик тамойиллари асосида кенгаймоқда. Бунда икки давлат раҳбарларининг доимийлик касб этган мулоқот ва учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, кейинги вақтда ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилиб, ижтимоий-маданий соҳаларда лойиҳалар амалга оширилмоқда.

5.JPG

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими, “Dono nashriyoti” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида мактаб ўқувчилари ўртасида “Сиз Хитойни биласизми?” номли танлов ташкил этилди. Мазкур танловдан асосий мақсад ўзбек ёшларини Хитой билан яқиндан таништириш ва ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат. “Билимдон”, “Доно ворд”, “Знайка” ва “Excellent” журналларида Хитой ҳақида викторина саволлари чоп этилди. Унда 2 минг 500 нафардан зиёд ёшлар иштирок этиб ўз жавобини йўллади. Ҳакамлар ҳайъати томонидан танловнинг 20 нафар ғолиб ва совриндорлари аниқланди.

2.JPG

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси М.Обидов танлов ғолибларини табриклаб, уларга эсдалик совғаларини топширди.

Мазкур танловнинг 3 нафар ғолиби Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳомийлигида мазкур мамлакатга 7 кунлик бепул йўлланмани қўлга киритди. Уларни 31 август - 6 сентябрь кунлари Пекин, Шанхай шаҳарларида қизиқарли саёҳат кутмоқда.

– Танлов натижалари шуни кўрсатдики, юртимиз ёшларида Хитойнинг тарихи, маданиятига қизиқиши катта, – дейди “Билимдон” журнали муҳаррири Кларахон Ҳамроқулова. – Биз сафар давомида хитойлик ёшларни ҳам Ўзбекистон билан яқиндан таништиришни, мактаб ўқувчилари билан дўстлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

11 220
М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА